Юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати замирида бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват ётади. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан энг азиз ва энг улуғ байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз йиллиги арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Бунинг натижасида 215 та оилалага шодлик ва қувонч бағиш этилди. Авф этилганлар орасида 14 нафар аёл, 12 нафар 60 ёшдан ошган эркак, 69 нафар чет эл давлатлари фуқароси ҳамда 15 нафар таъқиқланган ташкилотлар иштирокчилари бор.
Шуниси эътиборлики, авф этилганларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун барча шароитлар яратилиб берилмоқда.
Ҳаёт – мураккаб, у паст-баланд сўқмоқлардан иборат. Билиб билмай ёки нотўғри қадам туфайли жиноят кўчасига кириб қолганларга оилалари бағрига қайтиш, хатоларини тузатиш имкони берилгани кечиримлилик, бағрикенглик ифодасидир. Хато қилган, пешонаси деворга урилган одам ҳаёт йўлларида яна адашишни истамайди. Пушаймонлик ҳисси уни хатосини тузатишга, жамиятнинг бошқа аъзолари каби яшаб, ишлашга ундайди. Шу маънода олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони бундай шахсларга берилган катта имконият, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос мукофотдир.
Юртимизда улуғ байрам шукуҳи кезиб юрибди. Унинг қувонч, шодликларидан барча юртдошларимизнинг баҳраманд бўлиши унинг нуфузини янада оширади. Юртимиз тинчлигига, халқимиз якдилллигига ҳеч қачон кўз тегмасин. Шу юртда ишлаш ва яшаш бахти бизга насиб этганидан мамнунмиз. Шундай юртга қанча ишласанг шунча оздир. Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаш ва ишлаш бахти барчамизга насиб этсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси