Бугун Тошкент Давлат Стоматология институтида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Яшнаобод туман Кенгаши томонидан сайловларга тайёргарлик мавзусида ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида “Ватаним – фахрим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда партиянинг туман кенгашлари масъуллари, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда тарғиботчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.
Тадбирда иштирок этган партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари Ҳакимжон Раҳматов мамлакатимиз аҳли муҳим сиёсий-ижтимоий воқеа арафасида турганлиги, Президент сайлови халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан боғлиқ долзарб жараён ҳисобланишини қайд этди. Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтадиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўринишидир. Фуқаролар сайлов орқали давлат бошқарувида ўзининг овози, сиёсий иродаси билан бевосита иштирок этади.
Бўлажак Президент сайлови партиялараро рақобат, фуқароларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги кучайиб бораётган шароитда ўтаётгани билан аҳамиятлидир. Сайлов нафақат номзодлар, сиёсий партиялар учун, балки сайловчилар, яъни халқимиз учун ҳам катта синов, улкан имконият.
Партия шаҳар Кенгаши вакили ўз сўзида шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови партиямиз фаолларига катта масъулият юклаши, ҳар бир аъзодан, қуйи бўғиндаги ҳар бир партия ташкилотидан катта сафарбарлик ва уюшқоқлик талаб қилишини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар иштирокчиларни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклаб, истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтдилар. Истиқлол халқимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Мустақиллик айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилмоқда.