Оила, деб аталмиш муқаддас даргоҳда инсон ҳам маънан, ҳам ахлоқан тарбия топади. Юртимизнинг келажак равнақи эса айнан худди шу унсурга боғлиқдир. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият аъзоси — оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга. Оила–жамият ҳимоясидадир. Биз қураётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида оила ўзига хос ижтимоий бирлашмани ташкил этади. Оиланинг бу хусусияти унинг жамият манфаатлари билан боғлиқлиги ҳамда ижтимоий вазифаларида ифодаланади. Мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги 4 йилда оила ва унинг тотувлигига катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг турмуш фаровонлигини, фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашга қаратилган дастурий мақсадларга асосланиб иш олиб борилмоқда. Оила кодекси ҳамда 100 дан зиёд қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатларда оила манфаати, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш устивор вазифа деб эътироф этилган. Мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифа ҳам халқчил, адолатпарвар жамиятни вужудга келтириш. Бу жамият пойдеворини, энг аввало, бой ва бадавлат, меҳнат қадрини биладиган, маънавий соғлом ва маданий савияси баланд минглаб ва миллионлаб оилалар ташкил этади. Оилага мунтазам равишда ғамхўрлик қилиш, унга ҳар тарафлама моддий ва маънавий кўмак бериш инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Оилалар фарзандлар сони, уларнинг соғлом, билимли, одобли бўлиб етишишлари учун ҳаражатларни ўз даромадларидан келиб чиққан холда сарфлайдилар. Одатда, бу ҳаражатларнинг бир қисмини давлат кўтаради. Булар тиббиёт, маориф, спорт, таълим кабилар ҳисобланади. Қолган харажатларни ота-оналарнинг ўзлари амалга оширадилар. Бозор иқтисодиётига ўтилиши билан бирга ана шу ҳаражатларда оиланинг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Демакки, оиладаги фаровонликни таъминлаш учун товар ва хизматлар яратиш, оилавий бизнес, яъни мулк эгаси сифатида индивидуал ишлаб чиқаришни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Оила иктисодиёти, унинг фаровонлиги оилада меҳнатга лаёқатли аъзолар мавжудлиги, уларнинг тадбиркорлиги, билими, иқтидорига кўп жиҳатдан боғлиқ. Оила иқтисоди меҳнат билан топилган мол-мулк ҳамда тежамкорлик йўли билан йиғилган моддий неъматлардан иборат бўлгани сабабли, ана шу неъматларни яратишда иктисодий билим муҳим ўрин тутади. Иқтисодий билим шахснинг нафақат ўзи ва оиласига, айни пайтда халқнинг фаровонлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.Шунинг учун биз нафақат ҳалол, яхши одам, балки келажакда яхши хўжалик юритувчи инсон тарбиялашимиз зарур. Бола ота-онасини каерда ишлаши, бу ишнинг қандай машаққатли экани, қандай қилиб муваффақиятларга эришиш мумкинлигини ҳис қилиши, билиши керак. Умуман олганда, бола ота-онаси ишлаб топаётган пул ҳамма нарсани олиш учун зарур нарса эканлиги билан бирга уни топиш учун кўп меҳнат қилиш кераклигини ҳам билиши керак.
Айни ўринда мамлакатимизда оилаларнинг иқтисодий имкониятларини, фаровонлигини ошириш йўлида Президентимизнинг қарор ва фармонлари ҳам қабул қилинаётганлигини таъкидлаш ўринли. Хусусан, 2017 йилнинг 17 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган тартибда микрокредит ажратишни кўзда тутади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳам оила институтини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимоя деганидир. Тадбиркорлик орқали оилалардаги муаммолар камаяди, аҳиллик ортади ва ижтимоий ҳимояси таъминланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. 2018 йилнинг 7 июнида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ушбу қарор ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эга. Йилига ярим миллион нафардан кўпайиб бораётган республикамиз нуфуси рўзғорининг бутлигига эришиш, одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этишни ҳар бир оиланинг тадбиркорлик ресурсларидан фойдаланмай туриб бажариш мушкул бўлиб қолаётган эди. Давлатимиз раҳбари мазкур вазифанинг ечимини аниқ кўрсатиб берди. Ҳар бир оиланинг бизнес билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга янгича ёндашилди. Қарорга асосан, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ҳамда шаҳрида, аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда шу номдаги дастур амалга ошириладиган бўлди.
Коронавирус пандемияси даврида ҳам аҳоли ва оилалар давлатимизнинг ижтимоий ҳимоясида бўлмоқда. Давлат ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўяётгани йўқ. Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисидаги ва бошқа қатор норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши, албатта фидоий халқимиз ва тадбиркорларимизни оғир ҳамда синовли кунларда саросимага тушиб қолмасдан, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз ишларини давом эттиришларига туртки бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, 2018 йилнинг 27 июнь куни Президентимиз қарори билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани ҳам юртимизда оилалар фаровонлиги учун давлат ҳамда жамият астойдил қайғураётганининг ҳаётий ифодаси бўлди. Ушбу Концепцияни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оилавий муносабатлар мувозанатини таъминлаш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлатимизнинг изчил ва барқарор тараққиётига эришишдир. Мақсад, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир. Халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир.
Шундай шукуҳли онларда мен сайловчиларимизни Мустақиллик куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман. Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файзу барака асло тарк этмасин, барча эзгу орзу-ниятларимиз рўёбга чиқсин!
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси