Президент сиёсати Деновга етиб бормаганми?
Президент сиёсати Деновга етиб бормаганми?

 

Давлатимиз раҳбарининг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзлари ёзиб қўйилган лавҳаларни деярли ҳамма жойда учратиш мумкин. Ушбу шиорни фаолиятининг асосий мезони деб билган Президентимиз барча даражадаги раҳбарлардан халқни рози қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ҳаётдан мамнун ва бахтиёр бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиб беришга даъват қилиб келмоқда.

Бироқ бугунги кунда ҳам жойларда шундай ҳокимлар, мансабдор шахслар борки, улар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, муаммоларини ҳал этишни иккинчи даражали вазифа деб ўйлайдилар. Табиийки, бундай амалдорлар бош бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли арз-додлари эътиборсиз қолаётгани сабабли Тошкентга, юқори турувчи идораларга мурожаат этишга, ижтимоий тармоқлар орқали очиқ чиқишларга қилишга мажбур бўлмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти Денов тумани “Катта қарши” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар қишлоқдаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ижтимоий тармоқ орқали мурожаат йўллашган.

Маълум бўлишича, “Катта қарши” МФЙда 18 йил аввал давлат томонидан қуриб берилган “коттеж” уйларда истиқомат қилаётган аҳоли бир қанча муаммолардан қийналмоқда. Жумладан, қишлоққа олиб борувчи йўл абгор аҳволга келиб қолган, тоза ичимлик суви танқис, экин майдонларини суғоришдаги муаммолар сабаб одамлар зарар кўраяпти. Фуқароларнинг айтишича, улар мутасадди ташкилот раҳбарларига, туман ҳокимлигига кўп йиллардан буён мунтазам равишда мурожаат қилиб келишларига қарамасдан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.

Давлатимиз раҳбари чекка ҳудудларда ва қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли шароитини яхшилашга, тоза ичимлик суви, электр энергияси, маҳаллий ва ички йўлларни таъмирлашга катта эътибор қаратаётган бир пайтда Сурхондарё, жумладан, Денов тумани ҳокимликларининг бу тарзда иш тутишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу масалани ўз назоратига олади. Партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши масалани жойига чиққан ҳолда чуқур ўрганиб, аҳолининг фикр ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда, уларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилишини, хусусан, мутасаддди идораларга депутатлик сўрови билан чиқишни кўзда тутган.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

← Рўйхатга қайтиш