Жиззахдан ҳам Қурултойга делегатлар сайланди
Жиззахдан ҳам Қурултойга делегатлар сайланди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, депутатлар ва фаоллар қатнашган мажлисда жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этиш, партиянинг XII қурултойига делегатлар сайлаш масалалари кўриб чиқилди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси У. Иноятов қатнашди. 

— Ўтган давр мобайнида миллий сайлов тизимимиз изчил ва босқичма-босқич ривожланди. Умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга мос қонунчилик базаси шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилиниши билан Ўзбекистонда илк бор сайлов қонунчилиги яхлит шаклга келтирилди — деди партия раҳбари. — Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади. Партиямиз бу йилги сайлов кампаниясида “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи”, деган бош шиор билан кириб келмоқда. Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлашимиз бугунги кундаги энг муҳим сиёсий вазифамиздир.

— Партиямизнинг сайловда фаол қатнашишини таъминлаш мақсадида 6 йўналиш, 35 банддан иборат асосий тадбирлар календарь режаси ишлаб чиқилган ва у босқичма-босқич амалга оширилмоқда, — деди партиянинг Жиззах вилоят кенгаши раиси Нуриддин Холматов. — Белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига партиянинг барча даражадаги раҳбарлари билан бирга, депутатлар, фаоллар ва ҳар бир аъзо масъул. Буни ҳис қилган ҳолда сайловга тайёргарлик кўришимиз ва ўз ғоя, мақсадларимизни сайловчилар ўртасида кенг тарғиб этишимиз лозим.

Пленумда депутатлар, партия фаоллари сўзга чиқиб, қуйи бўғинлар фаолиятини кучайтириш, сайловчилар ўртасидаги тарғибот ишлари кўламини кенгайтириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XII қурултойига вилоятдан 7 нафар делегат сайланди.

 

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши

 

 

 

Теглар

Пленум sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш