Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчиларнинг имзоларини тўплаш фаоллик билан давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилаётган Мақсуда Ворисованинг номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида имзо тўплаш жараёни ҳам уюшқоқлик билан ташкил этиляпти.
Халқ демократик партияси Жиззах вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари масъуллари Марказий сайлов комиссияси томонидан партиянинг ваколатли вакилига тақдим этилган белгиланган тартибдаги имзо варақалари бланкалари талаб даражасида тўлдирилишига алоҳида эътибор қаратяпти. Имзо варақасини тўлдириш жараёнлари корхона ва ташкилотлар, таълим, тиббиёт муассасалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида сайлов қонунчилигига амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, Жиззах вилоятида ҳам Халқ демократик партиясининг барча ташкилотларида ушбу муҳим жараён қизғин ва уюшқоқлик билан амалга ошириляпти.