Халқимизнинг Она, опа-сингил, рафиқа ва севимли қизларига бўлган ҳурмату эҳтироми асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Ҳаммамиз учун муқаддас бўлган Ватан тушунчаси Она сўзи билан ёнма-ён турганда ёрқинроқ маъно мазмун касб этиши ҳам бежиз эмас.
Асрий анъаналар ва умуммиллий қадриятлар қадр топаётган Янги Ўзбекистонда аёлларнинг сиёсий фаоллигини, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Ўзаро тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ, имкониятларини кенгайтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда оламшумул ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун юртимиз хотин-қизлари барча жабҳаларда ўз фаолликлари билан алоҳида ажралиб туришибди. Олимлар, шоиралар, санъаткорлар, ишбилармону тадбиркорлар, сиёсатчилар ҳатто ҳокимлар орасида ҳам аёлларимиз муносиб ўрин эгаллаб, Ватанимиз равнақи ва элимиз фаровонлиги йўлида ҳормай толмай меҳнат қилмоқдалар.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мафкурасининг учта асосий ғояси - ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ҳамда ижтимоий демократияга эришишда, оилаларимиз шамчироғи, фарзандларимиз камоли учун парвона бўладиган аёлларимизнинг алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 7 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари пленумида 2021 йилги Президентлик сайловида Мақсуда Варисовани номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди. Пленум давомида Мақсуда Варисова номзоди партия қурултойида номзод сифатида илгари суриш таклифи билдирилди. Таклиф иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Бу бежиз эмас, чунки Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди платформасида ҳам аёлларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни, оилавий қадриятларимиз ҳимоячиси бўлган аёлларимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги кўплаб мақсад ва вазифалар ўрин олган. Мақсуда Варисовани халқимиз, партиядошларимиз фаол депутат сифатида яхши билишади. Бугунга қадар ОАВида долзарб ижтимоий муаммоларга бағишланган кўплаб мақолалар ва чиқишлар қилиб келмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам сайловчилар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.
Номзодимиз 2015 йилда Олий Мажлис Сенати аъзоси, 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Олий Мажлис Сенати аъзоси даврида "Меҳнаткаш сенатор", Қонунчилик палатаси томонидан "Меҳнаткаш депутат" ёрлиқлари билан тақдирланган. 2018 йилда “1-даражали Соғлом авлод учун” ордени, 2021 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофотланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг юбилейлари арафасида бир неча маротаба кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Ўйлаймизки, Мақсуда Варисованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига номзод қилиб илгари сурилиши, партиянинг Сайловолди платформасига асосланган стратегик мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ўзининг амалий самарасини беради.
ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши фаоллари, депутатларимиз Мақсуда Варисова номзодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар.
Нуриддин ХОЛМАТОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси.