Халқ демократик партияси Шароф Рашидов туман кенгаши томонидан “Аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда депутатларнинг иштироки” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда туманидаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолидан хабар олинди, муаммолари ўрганилди.
Тадбирда партиянинг вилоят, туман Кенгаши масъул ходимлари, туман Кенгаши депутатлари ва мутасадди ташкилотларнинг вакиллари иштирок этади.
Маълум бўлишича, Янгиобод МФЙда яшовчи 6870 нафар аҳолидан 2260 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар орасида турмушда турли муаммоларга, қийинчиликларга дуч келганлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, ёлғиз аёл Роза Ҳаликованинг хонадони таъмир талаб эканлиги, ўзининг эса тиббий муолажа олишга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Аёлнинг муаммолари шу жойнинг ўзида ҳал этилди: ЎзХДП Шароф Рашидов туман Кенгаши ва партия депутатлари ташаббуси билан унинг уйини таъмирлаш, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан соғлигини доимий назорат қилиш учун бир нафар ҳамшира бириктиришга қарор қилинди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, 1-гуруҳ ногирони Каромат Хаджаеванинг ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган тиббий кўрикда хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлигида муаммолар аниқланган хотин-қизларга зарур тавсиялар берилди ҳамда коронавирусга қарши вакцина олиш бўйича тушунтириш ишлари ўтказилди.
ЎзХДП Шароф Рашидов туман кенгаши