2021 йил 25 июль куни “youtube.com” видео хостингидаги “Ulugbek Ashur” каналида Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани, Гагарин шаҳрида 2019 йил қуриб битказилган намунали уйларда истиқомат қилувчи фуқаро Т.Мишинова ва М.Тўқмуродоваларниг мурожаатлари акс эттирилган видео материал жойлаштирилди.
Мазкур мурожаат юзасидан Халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгашидаги ЎзХДП партия гуруҳи томонидан туман ҳокимлигининг масъул раҳбарларини жалб этган ҳолда ўрганишлар олиб борилди.
Аниқланишича, Мирзачўл тумани Гагарин шаҳрида 2019 йил қисқа муддатда 377 та намунали уйлар қуриб битказилиб, кам таъминланган оилаларга имтиёзли ипотека кредити асосида бошланғич бадал маблағлари тўлиқ давлат бюджети ва хомийлик маблағлари асосида тўлаб берилган.
Шунингдек, уй эгаларининг бандлигини таъминлаш, банк томонидан ажратилган ипотека кредитларининг фуқаролар томонидан ўз вақтида қопланишига кўмаклашиш мақсадида туманда янги барпо этилган “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”, “Чорвачилик мажмуаси” ва бошқа ташкилотларга уй эгалари ишга жойлаштирилган.
Гагарин шаҳри, Ғалаба маҳалласи, Барокат кўчаси 31 уйда истиқомат қилувчи фуқаро Мишинова Татьяна Николаевнанинг хонадони ўрганилганда уйнинг пол қисми таъмирталаб эканлиги аниқланди ва ҳокимлик мутасаддилари ушбу масалани тез кунларда бартараф этиш чоралари кўрилишини фуқарога тушунтирди.
Шу билан бирга, халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ҳамда туман ҳокимлиги масъуллари фуқаро М.Тўқмуродова ҳамда Т.Мишиноваларга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сонли “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли тартибда ёрдам чораларни кўришлари тўғрисида тушунчалар беришди.
Ушбу масала халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгашидаги Халқ демократик партияси депутатлари томонидан тўлиқ назоратга олинганлигини маълум қиламиз.
Алтиной Намозова,
халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгашидаги
ЎзХДП гуруҳ раҳбари