Мозийга назар солсак, ҳар бир даврда мавжуд воқелик, кун тартибидаги долзарб мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб ечимини кутаётган масалалар бўлган. Айнан ушбу масалаларнинг қанчалик муваффақият билан ҳал қилиниши мамлакат тараққиётини, жамият ривожини келгуси ўн йилликларда қандай кечишини белгилаб берган.
Учинчи Уйғониш даврининг мустаҳкам пойдевори қўйилаётган Янги Ўзбекистондаги сўнгги беш йилда амалга оширилган ўзгаришлар – буюк келажак сари ташланган улкан одимлар дебочаси эканлигини бугун ҳамма яхши англаб турибди. Тарихан қисқа муддатда юз берган янгиликлар сабаб, одамларнинг турмуш тарзида, дунёқарашида улкан ўзгаришлар рўй берди.
Бу ўзгариш ва янгиликлар барча жабҳаларда яққол кўзга ташланмоқда.. Мамлакатимиздаги етакчи сиёсий партиялардан бири – Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам замон талаблари ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда янгича ишлаш, янгича фикрлаш асосида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Партияни ребрендинг қилиш, сиёсий брендини яратиш бўйича амалга оширилган ишларда, замон билан ҳамнафас бўлишга интилишда нафақат партия фаолиятини, балки дастурий ҳужжатларини, кўп йиллик рамзини, янги логотипини ҳам ўзгартириш таклиф қилинди. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда жадаллик билан кечаётган ошкоралик, янгиланиш жараёни, сиёсий партиялардан ҳам янгича иш усулларини, унга мос рамз ва шиорларни талаб қилмоқда.
Партиянинг янги логотип параллелограмм шаклида бўлиб, бинафшаранг фонда акс эттирилган, марказида “XDP” деган сўз оқ рангда ёзилган. Рамзнинг чап юқори қисмида лотин харфларда “O‘zbekiston” ёзуви, рамзнинг ўнг остки қисмида “Xalq demokratik partiyasi” ёзуви – бинафша рангда, оқ фонда тасвирланган. Ундаги бинафша ранг – меҳр-оқибат, саховатлилик рамзи бўлиб, етакчилар, лидерлар ранги ҳисобланади. Ушбу ранг партия ўз электорати вакиллари манфаатини ҳимоя қилишга, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигига ишорадир.
Бинафша ранг кўк ва қизил рангларнинг ўзаро уйғунлашган шакли ҳисобланади. Ушбу рангни танлашда амалдаги кўк рангнинг ғоявий элементларига содиқ қолинган. Қизил ранг эса, социал-демократиянинг намунасидир. Оқ ранг – мамлакатимизда тинч ва осуда ҳаёт ҳукм сураётганлигини билдириб, ижтимоий бирдамлик, анъаналарга содиқлик, поклик ва эзгуликни ифодалайди.
Айни пайтда Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти Кенгаши фаоллари, депутатлар, электорат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган муҳокамаларда ишчи гуруҳ томонидан таклиф қилинган партиянинг янги логотипи партия олдида турган ва бугунги кун талабларидан келиб чиққан мақсад ва вазифаларга мос эканлиги таъкидланиб, логотипни қабул қилиш тўғрисидаги таклиф якдиллик билан маъқулланмоқда.
Сарвиноз МАМАНОВА,
ЎзХДП фаоли.