Зомин туманидаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шаҳринисо онанинг кўзи ожиз бўлиб қолганига анча йиллар бўлди. Онахон “Аёллар дафтари”га киритилган. Ҳолидан маҳалла-кўй, таниш-билишлари хабар олиб туришибди. Шаҳринисо она кўрсатилаётган меҳр-саховатлардан мамнун.
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Шоира Фозилованинг ташаббуси билан онахоннинг ҳовлисида ўтказилган ҳашардан у киши янада хурсанд бўлди. Депутатнинг даъвати билан маҳалланинг бир гуруҳ фаол аёллари ҳашар ташкил этиб, онахоннинг уй-жойи, ҳовли, томорқаларини тартибга келтирдилар.
Бундан ташқари, оилага зарур уй-жиҳозлари, рўзғор буюмлари, кийим-кечаклардан иборат совғалар топширилди.
Ишлар якунига етгач ҳашарчилар томонидан ҳашар оши уюштирилиб, бир пиёла чой устида онахон билан суҳбат қурилди, тинч, осойишта кунларимиз учун шукроналиклар билдирилди.
ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши