15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик, таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди. Халқаро анжуманнинг асосий мақсади ҳам икки минтақа давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона муносабатлар, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг нуфузли тадбирнинг очилиш маросимидаги нутқида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг улкан савдо иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун вужудга келаётган янги имкониятларга эътибор қаратилди. Хусусан, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, яшил технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш ҳамда бошқа бир қатор соҳаларда шерикликни кенгайтириш юзасидан батафсил фикр алмашиш, биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш каби муҳим масалалар борасида таклифлар илгари сурилди.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир.
Шавкат Мирзиёев форумда Марказий ва Жанубий Осиё минтақа давлатларининг ҳар томонлама мустаҳкам интеграциялашувида қуйидаги таклифларни билдирди. Жумладан:
- мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;
- маҳсулот ва хизматлар ҳамда инвестицияларнинг эркин ҳаракати учун, транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;
- ўзаро инвестициявий ҳамкорлик ва кооперацияни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича йиллик минтақалараро форум ўтказиш;
- минтақа давлатлари ўртасида кўптомонлама Иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш масаласини қўшма экспертлик таҳлилидан ўтказиш;
- Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш;
- истиқболли рақамли платформаларни жорий этиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини иқтисодий ривожлантиришнинг локомотивига айлантириш. Бунда савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш;
- минтақалар ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш. Бунда таҳдидларни бартараф этиш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида минтақа давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиш;
- хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш. Терроризм, экстремизм, трансмиллий, хусусан, кибермакондаги жиноятчиликка қарши биргаликда самарали кураш олиб бориш;
- “Яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;
- Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
- илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш, дўстлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказиш;
- Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш каби муҳим ва долзарб таклифлар ўртага ташланди. Форум арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институтининг очилгани, институт минтақа давлатларининг ҳамкорлигини ривожлантириш, ўзаро муносабатлар ва ривожланишларни таҳлил қилишга йўналтирилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Умид қиламизки, конференция якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция лойиҳаси БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси кун тартибининг муҳим масалалари сифатида қайд этилади.
Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,
ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши депутати,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.