Чилонзордаги муаммо ўрганилди, назоратга олинди
Чилонзордаги муаммо ўрганилди, назоратга олинди

 

Бугун пойтахтимизнинг барча туманларида кенг ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунга барчамиз бирдек гувоҳмиз. Хусусан, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ҳам қурилиш, ободонлаштириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. “Обод маҳалла” дастури асосида аҳоли турар жойлари атрофида қулайликлар яратиш мақсадида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани қувонарли.

Бироқ иш жараёнида “мендан ўтгунча, эгасига етгунча” қабилида кўзбўямачиликка йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Чилонзор туманининг “Дилобод” маҳалласида жойлашган кўп қаватли 27, 29 уйлар оралиғидаги қурилиш ишлари юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, 13 июль куни Фейсбук ижтимоий тармоғида Фирангиз Гусейнова қурилиш ишларида техника хавфсизлиги қоидалари бузилгани, темир терсаклар болалар майдончасига тартибсиз ташлангани оқибатида қизи жароҳат олгани юзасидан шикоят билдирган.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман кенгаши масъуллари ушбу ҳолатни бартараф этиш борасида ҳудудда ўрганиш ишларини олиб борди.

Унда маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам юқорида кўрсатилган уйларнинг олд қисмида яъни болалар ўйингоҳи, автомобиллар турар жойи ҳамда кўп қаватли уйларга ўтиш йўлаклари янгича қиёфада бунёд этилаётир. Аммо қурилиш ишларида узилишлар бўлаётганлигини, қурилиш объекти ўралмагани, огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаганини шу ерда яшовчи аҳоли ҳам таъкидлади. Бунинг сабабини ўрганиш мақсадида маҳалла фаоллари ва тегишли ташкилотлар билан мулоқот ўтказилди.

Қурилиш материалларининг ўз вақтида етиб келмаётгани ва қурувчиларнинг етишмаслиги шу ҳолатга сабаб бўлаётган экан. Туман мутасаддилар муаммо тезда бартараф этилишига ваъда беришди. Айни пайтда қурилиш объектларида техник хавфсизлик чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман кенгаши масъуллари муаммони ўз назорати остига олганини маълум қиламиз.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш