Халқ демократик партияси ташаббуси, депутатларимизнинг саъй-ҳаракати билан ишсиз, бирон даромад манбаига эга бўлмаган кўплаб юртдошларимиз касб-ҳунарга ўрганмоқда, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқдалар. Уларнинг тажрибасини оммалаштириш, ўзини ўзи банд қилаётган фуқаролар сонини кўпайтириш чоралари кўриляпти. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур йўналишда партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятнинг чекка ҳудуди бўлган Бандихон туманидаги “Чинор” маҳалласи ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Муяссар ва Нигора Бойтўраевалар ҳам уларнинг сафида. Опа-сингилларнинг тикув чехида бугунги кунда бир неча нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган.
ХДП Сурхондарё вилоят Кенгаши хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан ушбу тикувчилик корхонасида хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши бўлим бошлиғи Ф.Болтаева томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларнинг камбағалликдан чиқишга интилишини кучайтириш ва хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий фаолиятини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тушунчалар берилди.
Тадбир давомида корхонадаги иш жараёни, хотин-қизларга яратилган шароитлар билан танишилди. Давра суҳбати иштирокчиларига вилоят партия ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.
ЎзХДП Сурхондарё вилоят Кенгаши