Ичимлик сув таъминоти олис ва чекка ҳудудларга хос асосий муаммолардан биридир. Жойларда ўтказилаётган учрашувларда аҳоли томонидан тез-тез кўтариладиган ушбу масала ҳамон долзарблигича қолмоқда. Буни англаган партиямизнинг ҳар бир депутати ва фаоли ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ваколатлари доирасида мумкин қадар ижобий ҳал этишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Бахмал туманидаги “Темирқадам” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг бир қисми ҳам узоқ йиллардан бери ушбу муаммодан қийналиб келарди. Уларнинг бу борадаги мурожаатларига маҳаллий мутасаддилар панжа орасида қараб келган. Аммо, Халқ демократик партияси депутати Жамолой Раҳмонова маҳалла аҳолисининг – сайловчиларининг муаммосига бефарқ қарамади. 6-“Темирқадам” сайлов округидан Бахмал туман Кенгаши депутат этиб сайланган партиямиз вакили муаммони ҳал этиш йўлларига жиддий киришиб, яна бир бор сайловчиларнинг ишончини қозонишга эришди. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан маҳалладаги 10 дан ортиқ хонадон ичимлик суви билан таъминланди.
Мухтасар қилиб айтганда, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитни яхшилаш борасида саъй-ҳаракатлардан тўхтамаслик депутатларимиз фаолиятининг ажралмас қисмига айланган.
Маърифат МАВЛАНОВА,
ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши масъул ходими