– ЎзХДПга бир таклиф айтмоқчи эдим, – деди Наманган муҳандислик институтининг ёшлар етакчиси Маъмуржон Эргашев, ЎзХДП вилоят кенгаши томонидан ўтказилган “Менинг биринчи сайловим” лойиҳаси доирасидаги давра суҳбатида сўз олиб. – Партия ўз сафига ёшларни кенг жалб этишда кўпгина мақбул усулларни қўллайди. Бундан жуда ҳурсандмиз. Шахсан ўзим ҳам партияни “Ёш сиёсатчи” кўрик-танловида қатнашиш орқали яқиндан таниганман ва ўз сиёсий эътиқодимни айнан ХДП билан боғлаганман. Таклифим шуки, худди шу “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови асосида ногирон-талаба ёшлар ўртасида алоҳида кўрик-танлов ўтказиш йўлга қўйилса яхши бўларди. Мен фаолият олиб бораётган Наманган муҳандислик технологияси институтида айни вақтда 4128 нафар йигит қиз таҳсил олмоқда. Биргина жорий йилид аинститутга қабул қилинган ёшларнинг 26 нафари ногиронлиги бўлган йигит қизлардир. Улар ўртасида танловлар ташкил этилса, бу йигит-қизларнинг ҳаётга қизиқиши, ўзига ишончи ортишига хизмат қилади.
Партия вилоят кенгашининг раиси Абдурашид Убайдуллаев билдирилган таклифни қайд этиб шундай деди:
– Ногиронлиги бўлган талаба-ёшлар ўртасида кўрик-танлов ўтказишни албатта йўлга қўямиз. Танлов шартлари нималардан иборат бўлиши кераклиги ҳақида ҳам таклифларингизни кутамиз.
Институтнинг ёшлар масалалари бўйича проректори, тарих фанлари номзоди Маъруфжон Қаюмов бошқарган давра суҳбати аввалида партия вилоят кенгаши раиси Абдурашид Убайдуллаев Сайловлар ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ҳақидаги фикрлари иштирокчиларга манзур бўлди. Вилоят партия кенгашининг Хотин қизлар ва ёшлар масалалари бўйича сектор мудири Мўътабар Қозиева, “Халқ иродаси” газетаси муҳаррири Хуршид Файзиевлар ҳам мавзу доирасида қизиқарли маълумотлар беришди.
Институтнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари технологияси факультетининг манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш йўналишида таҳсил олаётган Моҳинур Отахонова, Нафиса Адҳамова, энергетика ва автоматика факультети талабалари Бекзод Пўлатов, Зуҳриддин Мамасодиқов, кимё технология ва ишлаб чиқариш турлари бўйича илм олаётган Бехруз Рустамов, Олтинбек Абдуқодировлар ўзларининг сайловларда илк марта иштирок этишларини билдириб, партия кенгаши томонидан тақдим этилган “Ёш сайловчилар учун эсдалик” қўлланмаси учун миннатдорчилик билдиришди.
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.