Шу мавзуда Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида Ўзбекистон ХДП вилоят ва шаҳар кенгашлари ҳамда Аёллар реабилитация ва мослаштириш маркази ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тазйиқ, зўравонлик бу нафақат хотин-қизлар, болалар учун, балки жамият учун ҳам ўта хавфли иллатдир. Чунки зўравонлик шахснинг соғлиги, шаъни, қадр-қиммати ва ҳақ ҳуқуқларига ҳам дахл қилади. Зўравонлик ҳукм сурган оилада вояга етган фарзандлар мунтазам руҳий стресс ҳолатида юришади, характерида ҳам салбий хислатлар шаклланиб, жиззаки, жаҳлдор, шафқатсиз бўлиб вояга етишади.
– Ҳозирги кунда зўравонликнинг яна бир тури кенг тарқалмоқда, – дейди вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази директори Мўътабар Ҳасанова. – Бу кибер зўравонликдир. Зўравонликнинг ушбу тури интернет орқали мунтазам давом этувчи, такрорий ва узоқ вақт давомида бировнинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларни амалга оширишда ифодаланади. Кибер зўравонликда зулм ўтказишда аноним тарзда интернет орқали ёқимсиз хабарларни кенг оммага тарқатиб, жабрланувчига ғоят катта азоб-уқубат келтириши мумкин. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали инсон руҳиятига қаттиқ таъсир этувчи, уни изтиробга солувчи бешафқат муносабат ва зўравонлик саҳналарини намойиш этишни ҳам шахсга бўлган зўравонлик деб эътироф этишимиз мумкин.
Давра суҳбатида иштирок этган Адлия бошқармаси маъсул ходими Дилдора Каттаева, 1-сонли шаҳар ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Латофат Тўраевалар ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
– Ҳимоя ордери хабар берилганидан профилактика инспектори воқеа жойига зудлик билан бориб, ҳужжатларни расмийлаштиради, жабрланувчига уни беради, – Л. Тўраева. – У бир ой муддатга берилади. Шу давр мобайнида низони ҳал этиш имкони бўлмаса, аёлнинг мурожаатига асосан яна 1 ой муддатга узайтирилади. У билан психолог, фаоллар ишлайди.
Аёллар тазйиқ ё зўравонликка учрагани ҳақида ўз вақтида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аксарият аёлларимиз андиша қилиб ёки урф-одатларимизга қарши чиқолмай мурожаат қилишга уялади. Бундай ҳолларда жабрланувчининг ён-атрофидаги фуқаролар ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Давра суҳбати сўнгида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар жавоб беришди.
Хуршида Нарзиева,
Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.