Аҳолининг сайловларга қизиқишини унда иштирок этиш кўрсаткичи орқали билиш мумкин. Хусусан, сайловчиларнинг маданияти қай даражада шаклланганлигини кўрсатувчи бир қанча омиллар мавжуд. Бунда, сайловчилар фуқаролик позициясини намоён этиш истаги, жамият келажаги ва тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш имконияти сифатида сайловларга муҳим жараён сифатида қарайдилар.
Мазкур жараёнларда ёшларнинг иштирокига алоҳида аҳамият берилади. Даставвал, ёшларнинг партиявий масаласига эътибор қаратилади. Ёшлар сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш борасида турлича қарашларга эга. Айримлари у ёки бу партияни қўллаб-қувватласада, унга аъзо бўлишни истамайди. Айрим ёшлар ўзлари аъзо бўлган партиянинг фаолиятидан кўнгли тўлмайди.
Ёшлар ислоҳотлар ва жамиятдаги муаммолар ечимини топишда фаол иштирок этишни, қабул қилинаётган қонунлар, амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг яратувчиси бўлишни истайдилар. Зеро, ўзимизнинг келажагимизни башорат қилишнинг энг яхши усули ҳам уни – яратишдир.
Хўш, бунда уларнинг ўрни қандай аҳамият касб этиши мумкин? Бундай имконият ёшларда биринчи навбатда сайловларда муносиб иштирок этишлари орқали намоён бўлади. Бу уларнинг сиёсий фаоллиги шаклланишига хизмат қилса, бошқа томондан, давлат ва жамият олдидаги масъулиятини оширади. Ёшлик нафақат келажакни ифодалайди, балки кафолатлайди ҳам. Келажакка фаол ҳисса қўшиш, ижтимоий шароитларни яхшилашга ёшлар ўзларининг мажбурияти сифатида қарашлари албатта, қувонарлидир.
Сайловда ҳамма фаол иштирок этиши лозим. Cайловга бориш ва овоз бериш сиз-у бизнинг фуқаролик бурчимиздир. Овоз бериш нафақат ўз эътиқодимиз ифодаси, балки натижаси бўлган танлов сифатида ҳам қарор топиши керак. Биз ўз қадриятларимизни акс эттирадиган номзодга овоз беришимиз керак. Сиёсат ҳақида гапириш одатий ҳолдир, айниқса, сайловлар арафасида. Шуни унутмаслик керакки, сиёсат ҳар доим кундалик ҳаётимизда марказий ўринни эгаллаб келган ва бу келажакка йўналтиради.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказиш бўйича аниқ чоралар белгиланган.
Мазкур жараёнда ёшларнинг электорал онги ва тафаккурини ривожлантириш ва бойитишда сиёсий партиялар ёшларнинг эҳтиёж ва манфаатларини ўрганиб бориши, ифодалаши, улар олдида турган мавжуд муаммолар ечимини ҳам топа олишлари керак.
Бугун ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун ўзини масъул деб билган ҳар бир давлат ёшлар ҳаётига ёшларга оид сиёсати билан таъсир ўтказади. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш замирида “Ёшлар сайлов комиссияси”дек фаолиятни йўлга қўйилиши, уларнинг ўз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга ва давлат бошқарувида фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашади. Мухтасар айтганда, ёшлар жамиятдаги сиёсий ўзгаришларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ҳам бўлиши лозим.
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
Ёшлар парламенти аъзоси.