Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси, видеоселектр йиғилишларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон ХДП сайловолди дастурида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан партия Марказий Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, “Аёллар қаноти”, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида Наманган вилояти Уйчи туманининг барча маҳаллаларида тадбирлар ташкил этилди.
Тадбир дастурига асосан депутатлар ўзлари сайланган округдаги маҳаллаларда кам таъминланган, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг хонадонларга ташриф буюриб, улар билан мулоқотда бўлдилар. Жумладан, Беруний МФЙда яшовчи аёллар томонидан кўтарилган муаммолар Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Э.Юнусова ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилди. Бир неча нафар фуқаролар, жумладан, тадбиркор Асилахон Абдураззоқованинг кредит олиш, эҳтиёжманд М.Тожибоеванинг тўй қилиш масаласидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
“Пастгузар” МФЙда эса “Аёллар дафтари”да турувчи хотин-қизлар қабул қилинди. Уларнинг мурожаатлари ЎзХДП туман кенгаши раиси, депутат Ғ.Жўраев томонидан ўрганилиб, муаммолари ечими бўйича амалий ёрдам берилиши маълум қилинди.
“Қашқар” МФЙда яшовчи Замирахон Турсунованинг партиянинг жамоатчилик қабулига имтиёзли кредит масаласидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. Тадбиркор ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафар аёлни иш билан таъминлаб, уларга тикувчилик сирларини ўргатмоқда. Тадбир давомида З.Турсунова раҳбарлик қилаётган “Бегойим” тикувчилик корхонасида ишлаб чиқариш жараёни, ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишилди. З.Турсунова ҳамда ишчи-ходимлардан тўрт нафари партия сафига аъзоликка қабул қилинди.
Тадбир давомида “Деҳқонобод” МФЙда яшовчи М.Худойбердиеванинг асаларичиликни йўлга қўйиш мақсадида кредит олишга кўмаклашиш масаласидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди.
Лойиҳа доирасида “Аёллар дафтарига” киритилиб муаммолари ҳал этилган, бугунги кунда тикувчилик, иссиқхона йўналишида тадбиркорлик билан шуғулланаётган М.Мирзабоева, М.Отажонова, З.Сатторованинг хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг фаолияти билан танишилди. Давлатимиз томонидан субсидия орқали қуриб берилган иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотлар уларнинг оилавий даромади ошишига хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида ўрганилган муаммолар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Моҳира ХОЛМИРЗАЕВА,
ЎзХДП Уйчи туман кенгаши мутахассиси.