Наманган туманидаги “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Партиянинг Наманган вилоят ва туман кенгашлари ташаббуси билан ўтказилган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, ташкилот ва муассасаларнинг мутасаддилари, ушбу маҳаллада яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар иштирок этди.
Мулоқотда мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шароитлар, имконият ва имтиёзлар, шунингдек, Ўзбекистон ХДП тўғрисида қисқача маълумот берилди. Ҳар бир иштирокчи билан ўтказилган суҳбатлардан сўнг 14 нафар хотин-қизнинг деҳқончилик учун ер ажратилишида, арзон уй-жой олишда, фарзандларига алимент ундириш масаласида, ишга жойлашишда, даволаниши учун дори-дармонлар олишда ёрдам кўрсатиш сўралган мурожаатларига чуқур ёндашилган ҳолда, ечими бўйича аниқ чоралар кўрилиши белгилаб олинди.
Лойиҳа доирасида туман тиббиёт муассасалари шифокорларидан иборат гуруҳ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, банд бўлмаган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказди. Партия вакиллари, туман бандликка кўмаклашиш маркази, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш мутасаддилари маҳалла ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг аҳволидан хабар олдилар. Улар томонидан кўтарилган муаммолар ЎзХДП туман партия кенгаши масъуллари томонидан назоратга олинди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида “Ибрат” мфй ҳудудида тикувчилик цехи ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган Дилором Шарипованинг ишлаб чиқариш фаолияти билан танишилди. Тадбиркор аёл маҳаллада яшовчи 8 нафар хотин-қизларга тикувчилик сирларини ўргатаётгани ва уларни ишбилан таъминлагани тадбир иштирокчиларининг эътирофига сазовор бўлди.
Тадбир иштирокчилари йўл олган навбатдаги манзил — тадбиркор Наргиза Хўжаевага қарашли қандолатчилик цехи бўлди. Тўрт нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган мўъжазгина корхонада тайёрланаётган пишириқлар аллақачон бозорда ўз ўрнини топган.
Қувонарлиси, бу каби ишбилармон аёлларимиздан ибрат олиб, тадбиркорлик фолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар сони кўпайиб бормоқда. “Аёлларга кўмак” лойиҳаси эса уларни қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
ЎзХДП Наманган туман кенгаши