Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят ва Навбаҳор туман кенгашлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида “Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини ошириш ойлиги” лойиҳаси доирасида тиббий кўрик, спорт мусобақалари ташкил этилди.
Тадбир тумандаги 36-умумтаълим мактабида 100 метрга югуриш марафони ва шахмат-шашка беллашувлари билан бошланди. Унда фаол иштирок этган хотин-қизлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир доирасида 9-оилавий поликлиникада “Бурқут”, “Ўзбекистон”, “Ғужбоғ”, “Навбаҳор”, “Янги йўл” ҳамда “Пахтакор” маҳаллалари аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил этилди. Унда гинеколог, педиатр, стоматолог, нервпатолог, кардиолог, ортопед ва бошқа мутахассислар ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал оилалардаги аёллар, болалар ва пенсионерлардан 800 нафарга яқинини тиббий кўрикдан ўтказди. Бундан ташқари, 3, 4-гуруҳга кирувчи 40 нафар фуқаро, 14 нафар бола тиббиёт ходимлари томонидан чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилди.
Тиббий кўрик давомида 51 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланди. Улар тегишли тавсиялар, 6 нафар хотин-қизга даволаниш учун йўлланма берилди.
Тадбир давомида халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Ф. Раҳимова, шифокорлар иштирокчиларга соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг, спорт билан мунтазам шуғулланишнинг, овқатланиш рационига амал қилишнинг аҳамияти ҳақида маълумотлар бердилар.
Хуршида Нарзиева,
Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши сектор мудири.