Навоий шаҳридаги “Ёшлар хиёбони” ҳар қачонгидан бошқача безатилган, одамлар бирин-кетиш кириб келишяпти. Бу ерда Халқ демократик партиясининг “Бош мақсадимиз – халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш” шиори остида янгича усулда тарғибот тадбири ташкил этилди. Партиянинг фаол аъзолари, ота-оналар фарзандлари билан, нуроний отахону онахонлар ҳамда ёшлар ушбу тадбирда фаол қатнашишди.
Тадбирни партиянинг вилоят кенгаши раиси М.Нуруллаев кириш сўзиб билан очиб, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, коммунал хизматлар тарифларини мувофиқлаштириш бўйича партия илгари сураётган ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Тадбир доирасида лотерея ўйини ҳам ўтказилди. Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига сайлов, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар совғаларга эга бўлди.
– Мен Хатирчи туманиданман, – дейди иштирокчилардан бири Лола Абдумажидов. – Қариндошимникига меҳмондорчиликка келган эдим. Шўх куй қўшиқларни эшитиб, хиёбонга келдик. Савол-жавоб ўйинида иштирок этиб, соврин эгаси сифатида партиянинг совғаларини олдим. Бундан хурсандман.
Санъаткор ва хонандаларнинг куй ва қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди. Болалар иштирокида ўтказилган турли ноанъанавий ўйинлар кичкинтойларни хурсанд қилди.
Хуршида НАРЗИЕВА,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири