Юртимизда азалдан аёлга, онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, улар эъзозланган ва қадрланган. Динимиз ва тарихимиздан бу анъана бизларга мерос. Лекин, минг афсуски, кейинги пайтларда ҳар куни ва кунора хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, аёлларга нисбатан виждонсизларча муносабат ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб турамиз. Энг ачинарлиси, Президент, халқ ишонган, бутун миллат ҳимоячилари ҳисобланмиш ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг ўз хизмат вазифасини ўтаётган жараёнда аёлларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётганлиги оқлаб бўлмайдиган ҳолатлардан биридир.
Куни кеча "Facebook" ижтимоий тармоғи орқали ижтимоий тармоқларда фаол бўлган, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилаётган Гулбаҳор Исломовани Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан калтаклангани, суҳбат ёзиб олингани ва ходимлардан бири Г.Исломованинг қўлини тишлаб шахсий телефонини олиб қўйгани ва кейинчалик, ёзувлар ўчирилган ҳолда телефон қайтарилгани, Г. Исломова Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ҳалигача жавоб ололмагани тўғрисидаги постни ўқидик. Бу воқеа инсонни чуқур ўйга ботириб, барчани бирдек фикрлашга, бу “чиркин иллат”га қарши чора излашга ундайди.
Наҳотки, Ички ишлар идораларида ишлаётган ходим ўзининг битта хатоси бутун тизим шаънига салбий таъсир этишини тушунмаса, ҳис қилмаса.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу вазиятни кескин қоралайди ва Ички ишлар вазирлиги, Прокуратурадан мазкур ҳолатни қаттиқ назоратга олиб, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни ҳамда аёлга нисбатан қўпол муносабатда бўлган ходимларга қонуний чора кўрилишини сўрайди.
Айбдорлар албатта қонун олдида жавоб бериши ҳамда унга нисбатан қўлланилган чора ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали халққа етказилиши лозим. Токи бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлсин!
ЎзХДП Юнусобод туман кенгаши