“Мурувват” уйидаги муаммолар ечими жамоатчилик назоратига олинди
“Мурувват” уйидаги муаммолар ечими жамоатчилик назоратига олинди

 

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган “Мурувват” ногирон аёллар интернат уйи 360 ўринга мўжалланган бўлиб, ҳозирда ушбу маскан тўлиқ қувватда фаолият кўрсатмоқда. Жойлашиш учун навбатда турганлар сони эса 12 нафарни ташкил этади.

“Мурувват” уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш, ногиронлиги бўлганларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси таъминланиши, соғлиғини муҳофаза қилиш талаб даражасидами? Бу борада муассасада шарт-шароитлар яратилганми?

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Мурувватли бўлайлик!” лойиҳаси доирасида “Мурувват” уйида ўтказилган ўрганишда шу каби саволларга жавоб қидирилди.

Ўрганишда аввало, “Мурувват” уйи биносида капитал қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги маълум бўлди. Муассаса биноларини марказий қозонхона орқали иссиқлик билан таъминлаш кўзда тутилган. Бироқ қиш мавсумида ҳудудга “Hududgaz Fargona” корхонаси томонидан табиий газ етказиб берилмагани оқибатида иситиш тизими ишламай, совуқ кунларда оғир вазият юзага келган. Шу боисдан, муассаса маъмурияти биноларни иситиш тармоғига ўзгартириш киритиш ва ҳар бир бинога алоҳида қозонхона ўрнатиб бериш масаласида ёрдам кўрсатишни сўраб партиянинг Фарғона вилоят Кенгашига мурожаат қилди. Кенгаш раиси, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Зокиржон Зоҳидов ушбу масала юзасидан “Hududgaz Fargona” корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови киритиб, масалани ўз назоратига олди.

Партия томонидан ўрганишда, шунингдек муассасада гинеколог врач штат бирлигига эҳтиёж борлиги аниқланди ва бу масалани ижобий ҳал этиш борасида ҳам тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Шунинг билан бирга, “Мурувват” уйида васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати, яратилган шароитлар устидан доимий депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасига юклатилди.

 

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши

ахборот хизмати

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш