Наманган шаҳридаги "Диёр" тантаналар мажмуасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 27 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди. Бу болажонлар учун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига муносиб совға бўлди. Тадбир Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатлари Зайниддин Ҳожи-Акбар Шамсутдин ўғли ҳамда Ўзбекистон ХДП Наманган шаҳар Кенгаши депутати Абдувоҳид Азимовнинг ташаббуси билан ташкил этилди.
Наманган шаҳар ҳокими Ғофир Жамолов тўй болаларни қўшалоқ байрам билан табриклаб, ҳокимликнинг совғаларини топширди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ артисти Зулайхо Бойханова ва Абдуҳошим Исмоиловнинг чиқишларини давра қатнашчилари олқишлар билан кутиб олди. Шаҳардаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Шу куни “Диёр” тўйхонасига ташриф буюрганлар яна бир хайрли тадбирга гувоҳ бўлдилар. Яъни, бу ерда 26-сонли Меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси, ҳозирда Наманган давлат университетининг 2-босқичда таҳсил олаётган Маллабоев Иминбек Ҳаким ўғлининг никоҳ кечаси тантанали тарзда нишонланди.
Никоҳ тўйига вилоят, шаҳар идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, Ўзбекистон ХДП Наманган вилояти ва шаҳар кенгашлари, 26-сонли Меҳрибонлик уйи мутасаддилари ташриф буюриб, ёшларни оила қурганликлари билан муборакбод этиб, ўзлариннинг эсдалик совғаларини топширдилар.
Дилноза Ўринбоева,
Ўзбекистон ХДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси.