Халқ вакиллари мунтазам равишда сайланган ҳудудларида бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларга қонуний ечим топишда кўмаклашиб келиняпти. Қолаверса, сайловчилар билан учрашувларда қонунлар тарғиботи, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам аҳолига тушунтириб борилмоқда.
Жумладан, сайловчиларимиз билан бўлган навбатдаги мулоқотлар жараёнида ҳам бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Мазкур учрашувларда 300 га яқин аҳоли қамраб олинди. Бевосита 18 та сайловчи қабул қилиниб, улар томонидан кўтарилган 10 та масаладан туман даражасидаги 8 таси жойида ҳал этилди.
Шу билан бирга, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги 4 та секторда бўлиб, “Темир дафтар”нинг юритилиш ҳолати, унга киритилган оилаларга кўрсатилган ёрдам, дафтардан чиқариш тартиби фуқаролар билан бевосита суҳбат асосида ўрганилди.
Аҳоли билан бўлган учрашувларда туман ҳокими Р.Пардаев иштирокида бир қатор мурожаат ва масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, бугунги кунда тумандаги “А.Жомий”, “Водий” ва “Тотувлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли сони қонунчиликда белгиланган меъёрдан қарийб икки баробарга ошганлигини инобатга олиб уларни бўлиш масаласи муҳокама қилинди. Бу борада мутасаддиларга мурожаат йўлланди.
Мулоқотлар давомида жорий йилнинг 13 май куни рўй берган сув тошқини оқибатида “Буюк ипак йўли” маҳалласидаги 9 та хонадонга етказилган зарарни қоплаш масаласи ушбу оилалар иштирокида ўрганилди. Мутассаддилар билан мазкур масалани қисқа фурсатларда ҳал қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, тумандаги “Тасамасой” маҳалласидаги тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этиш масаласи аҳоли ва тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида ҳудуднинг ўзида муҳокама этилди. Масъулларга туман ҳокими томонидан 10 кун муддатда муаммони ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Туман марказида жойлашган, XVI асрда қурилган Саид Отaлиқ мадрасасини таъмирлаш жараёнлари билан танишилди. Айтиш керакки, узоқ йиллардан буён ушбу тарихий обиданинг таъмирга муҳтож бўлиб қолганлиги деновликларни ташвишлантириб келаётганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 апрелдаги “Сурхондарё вилояти Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимой-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги қарорида Саид Оталиқ мадрасасини таъмирлаш масаласи кўзда тутилган. Лойиҳа Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилиши кўрсатилган бўлсада, ҳозирги кунгача маданий меросни таъмирлаш ишлари ортга сурилмоқда эди. Ҳолат билан бевосита танишилганда қурилиш ишлари бир ҳафта олдин бошлангани, масъул шахс томонидан таъкидланди.
Сайлов округидаги учрашувлар доирасида Денов тумани тиббиёт техникумида ўқитувчи ва талабалар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Учрашув самимий, мунозараларга бой тарзда кечгани натижасида 14 нафар фуқаро Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига аъзоликка қабул қилиниб, уларга партиямизнинг гувоҳномаси, рамзлари ва дастури тақдим этилди.
Сайловчиларнинг барча мурожаатлари, қабул қилинган қарорлар ижроси бўйича белгиланган вазифаларни бекаму кўст якунига етказилиши депутатлик назоратига олинди.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.