Наманган вилоятида шу мавзуда тарғибот тадбирлари ташкил этиляпти
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари тарғиботи доирасидаги маданий-маърифий тадбирлар Наманган вилояти шаҳар ва туманларида ҳам давом эттирилмоқда.
Партия Норин туман кенгаши доимий ҳамкорлари туман хотин-қизлар қўмитаси ва Қизил Ярим Ой жамиятининг туман кенгаши ҳамда туман Маданият маркази билан навбатдаги тарғибот тадбирини “Орол барака” фермер хўжалиги далаларида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчи ва ҳашарчилар иштирокида ўтказди.
Теримдан кейинги кечки соатларда ўтказилган тадбирни туман партия кенгаши раиси, депутат Мавлуда Бакирова кириш сўзи билан очди.
У дала меҳнаткашларига Мавжуд сиёсий партиялардан Ўзбекистон ХДПнинг ўзига хос фарқли жиҳатларини, Дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларини ҳимоялаш борасида амалга ошираётган ишлари хусусида тўхталди.
ЎзХДПдан вилоят Кенгаши депутати , туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Наима Холмирзаева шу йил якунида ўтказилиши белгиланган сайловларга партия янгича ёндашувлар билан кириб бораётганини таъкидлади.
– Айниқса, партия сайловолди дастурига киритилган муҳим мақсадлардан бири “Истеъмол саватчаси” бўйича белгиланган вазифалар иштирокчиларга манзур бўлди, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Нилуфар Абдумажидова.
Туман партия кенгаши ва хотин қизлар қўмитасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари теримчи ва ҳашарчилар ғайратига ғайрат қўшди.
***
Поп туманининг Найман ва Яккатут ММТПлари бир-биридан олис эмас. Аммо пахта йиғим-терими авж паллага кирган пайтда теримчи ҳашарчилар ҳар дақиқани қадрлашади. ЎзХДП Поп туман кенгаши тарғибот тадбирини ўтказишда айни шу жиҳатларни ҳисобга олишди.
“Эрқул ота-Ахаджон фермер-хўжалигида теримчиларнинг тушлик соатларида ўтказилган тадбирда партия туман кенгашининг раиси Акбарали Абдураҳимов, вилоят “Мен ва оилам жамоат бирлашмаси” раҳбари Мавлуда Абдухалимова, “Шуҳрат-Умид сервис” фермер хўжалиги дала шийпонидаги тарғибот тадбирида эса партия вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Эргашали Абдуллаев ва Яккатут МФЙ раиси маслаҳатчиси Гулзода Абдуллаевалар ҳозир бўлишди.
Иштирокчилар ЎзХДПнинг дастурий ғоялари, сайловларга тараддуд ва Сайлов кодексидаги янгича тартиблар бўйича тарғиботчилардан қисқа ва қизиқарли маълумотлар олишгач, туман Маданият маркази хонанда ва созандаларининг дилбар тароналаридан баҳраманд бўлишди.
Ҳар икки тадбир давомида илғорлар рағбатлантирилди, фермер хўжаликларининг ишчилари ҳамда кўпмингкилограммчи ҳашарчиларга ХДП вилоят ва туман кенгашларининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.