Давлатимиз раҳбарининг битирувчи ёшларга йўллаган табриги биз катталарга ҳам катта шижоат берди. Табрикда “Янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз”, – дея ёшларга ишонч билдирилди.
Ҳеч бир инсон йўқки, ўзининг илк бор мактаб остонасига ва мактаб билан хайрлашиши чоғини эсламаса. Биз ҳам ёш бўлганмиз ахир, ҳозирги ёшларга берилаётган имконият ва шароитларни кўриб кўнглимда қанийди, мен ҳам яна ёш бўлиб қолсаму шу имкониятлар менда бўлса деган туйғу ўтади, албатта.
Юртбошимизнинг 438 минг нафар битирувчиларга йўллаган табриги ҳар бир ёш учун уларнинг келуси ишларида дастуриламал бўлишини истардим. Мактабни битираётган фарзандлари бор ота-оналар учун ҳам бугун бошқача кун. Улар фарзандлари улғайиб, катта бўлганидан бир қувонсалар, эртага яхши ўқиб ватанимиз келажаги учун муносиб инсон бўлишларидан, унданда кўпроқ қувонадилар.
Ислоҳотлар таълим тарбиядан бошланишининг мазмун-моҳияти ҳам айнан ёшларга ажратилган сармоядир. Бу келажак ёшларимиз қўлида эканлигини тўғри ҳис қилган ҳолда қанча қийин бўлмасин, бюджетнинг асосий қисми ҳам шу соҳага ажратилиши бежиз эмас. Оддий мисол, ўзимизнинг оиладан келиб чиқадиган бўлсак, фарзандимизнинг ўқиши учун қанча шароит қилиб, ўқитсак келажакда шу фарзандимиздан кўнглимиз тўқ бўлади. Чунки унинг иши тайин, оиласини ва ўзини бемалол боқа олади. Шунинг учун ўйлайманки, ҳар бир ота-она фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмаслиги лозим.
Сўнгги 4 йилда 134 та янги мактаб қурилиб, 2965 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди. Юртимизда мутлоқо янгича мазмун ва шаклдаги Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда республикамизда 10 мингдан ортиқ давлат умумтаълим мактаблари, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатаяпти. Жумладан, 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши ҳам ёшларимизни фан сирларини пухта эгаллашларида катта ўрин тутади. Охирги пайтларда айниқса, аниқ фанларга кўпроқ урғу берилишида чуқур маъно бор, деб ўйлайман. Чунки, мактаб, иш ҳамда ҳаётий тажрибамдан шуни биламанки, математика фанидан яхши ўқиган бола келгусида ўз йўлини тез ва тўғри бошқариб кетади.
Республикамизда ҳозирги кунда137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум борлиги битирувчиларни таълимни навбатдаги босқичи билан қамраб олиш борасида яратилган улкан имкониятдир. Биргина Сурхондарё вилояти мисолида айтадиган бўлсам, бундан 4 йил олдин вилоятда 1 тагина Термиз давлат университети бўлиб, у ҳам бўлса, педагогика йўналишда эди. Шу боисдан ҳам битирувчилар бирор олий ўқув юртига кириш учун ўзи яшаб турган ҳудуддаги институт ёки университетга ҳужжат топширишга мажбур бўлар эди. Бу эса кўплаб оилаларга иқтисодий қийинчиликлар туғдирарди. Қанча-қанча билимли ёшлар шароити кўтармай, ўрта маълумотда қолиб кетарди. Кейинги тўрт йилда мазкур худудда ўқув даргоҳлари сони 6 тага етди. Бу битирувчилар учун ҳам, ота оналар учун ҳам юртбошимизнинг оталарча ғамхўрлигининг амалий ифодасидир. Энг қувонарлиси, тест синовлари бир кун эмас, 15 кунгача давом этиши халқимиз учун янада қулайлик яратди. Ёшларимиз бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасаларида танловларда иштирок этиши имкониятига эга бўлиши, битирувчи ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилда 9 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилда 25 фоизга етказиш, жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказишни асосий вазифа қилиб белгилаб олиниши ёшларни олий маълумотли қилиш асосий мақсад қилиб белгиланганидан далолат беради.
Шуниси қувончлики, охирги бир ярим йилда иқтидорли ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда 4 олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза медалини қўлга киритди ва бу ёшларимизнинг шароитлардан унумли фойдалангани, устозларга яратилган шароит ва эътибор натижасидир.
Бир неча кундан буён вилоятларимизда ёшлар форумлари ўтказилаётгани ёшларни бир мақсад сари бирлашишига катта турки бериш билан бирга, бу тадбирлар “сўнгги қўнғироқ” тадбирларига уланиб кетгани ёшлардаги кўтаринкилик кайфиятини оширди. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, дейилиши ҳам Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами билан ҳамоҳангдир.
Табрикда мактабни битириб чиқаётган биронта битирувчи эътибордан четда қолмаслиги алоҳида таъкидлангани давлат ва жамиятнинг ҳар бир ёш тақдири учун ғамхўрлигидан далолат беради. Бу қадар эътибор ва ғамхўрликдан сўнг ҳар бир битирувчи ўзининг йўлини ва мақсадини аниқ белгилаб олишига ишончим комил. Бу йўлда ёшларимизга куч қувват, шижоат тилаб қоламиз.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси