Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат.
Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат.

Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилинишини юзасидан фракциялараро  Дебат бўлиб ўтди. Ҳар бир фракция аъзолари ўз электоратининг манфаатларидан келиб чиқиб, ўз позициясини билдирдилар. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳам ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва ўз муносабатини билдирди.

 Қонун лойиҳаси қабул қилинишидан асосий мақсад –халқимизни, оддий фуқароларни, яъни истеъмолчиларни манфаатини таъминлашдир.

 Қонун лойиҳасида истеъмолчиларни сифатли товар ва хизматлардан фойдаланиш бўйича ҳуқуқлари кафолатланмоқда.

Шунинг билан бирга, сотувчилар, ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчиларнинг истеъмолчиларга сифатли товар ва хизматлар етказиб бериш бўйича масъулияти янада оширилмоқда.

Бу албатта, халқимизни сифатли ва хавфсиз товар ва хизматлардан фойдаланишига, уларнинг ишлаб чиқарувчилар олдидаги ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қонунга масъул бўлган Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида анча катта меҳнат қилинган ва тўғри ўзгартиришлар киритилган.

Мисол учун, Қўмита томонидан 18-модда ва 29-моддалардан истеъмолчиларни манфаатларига зид бўлган нормалар чиқариб ташланмоқда. Жумладан, “Товар алмаштирилган ёки қайтарилган тақдирда, товар қандай ҳолатдаги қадоқда сотилган бўлса, истеъмолчи товарни шундай бирламчи истеъмол қадоғида қайтариши шартлиги” ҳамда “Истеъмолчи низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш чораларини кўриши лозимлиги” тўғрисидаги нормалар чиқариб ташланишини  фракциямиз аъзолари тўғри , деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига тадбиркорларга (сотувчилар, ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчиларга) нисбатан молиявий санкция қўллаш бўйича катта ваколатлар берилмоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига бундай катта ваколатларнинг берилиши келгусида коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин деган фикрдамиз. Шунингдек, мамлакатимизда энди оёққа тураётган тадбиркорларни (сотувчилар, ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчиларни) ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фикримизча, ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун, молиявий санкцияни қўллашни фақат судлар орқали амалга оширилиши қонунда қатъий белгиланиши керак. Тадбиркорлар рози бўлган тақдирда ҳам, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига молиявий санкцияни қўллаш ваколатини бермаслик керак.

Шунингдек, молиявий санкциялар миқдорини камайтириш ва табақалаштириш мақсадида қайта кўриб чиқиш керак. Бунда, биринчи бор хато қилса – огоҳлантириш билан чекланиш керак, иккинчи бор хато қилса кичикроқ миқдорда, учинчи бор хато қилса – каттароқ миқдорда молиявий санкциялар қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Умуман олганда, ушбу қонун халқимиз учун халқчил ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлиши шубҳасиз.

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП фракцияси аъзоси

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш