Мажбурий меҳнат инсонга нисбатан ҳақоратдир
Мажбурий меҳнат инсонга нисбатан ҳақоратдир

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича қатъий чоралар кўрилишига қарамасдан, ҳудудларда яна мажбурий меҳнатга оид қонунбузилишлар учрамоқда.

Айрим раҳбарлар ҳанузгача мажбурий меҳнат деганда фақатгина пахта теримини тушунади. Ташкилот ҳовлисини супуриш, ёввойи ўтларни юлиш, ерни юмшатиш каби ишларни эса оддий ҳол деб қабул қилишади. «Оқ ҳалатли ҳамшира шифохона ҳудудидан, ўқитувчи эса мактабдан чиқмаса бўлди, ичкарида ҳаммаси мумкин» деган ақида онгида ўрнашиб қолган.

Эътироз қабул қилинмайди, шу заҳоти душманга айланасиз, қоласиз. «Ўз уйимизни сиз-у биз тозаламасак, ким тозалайди» деб тана дашном ҳам қилишади. Шу ўринда, «биз ҳовлини супурсак, беморларга ким қарайди, ўқувчиларга ким дарс беради, фаррошларми?» деб савол беришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида тиббиёт ходимлари ўт юлишга олиб чиқилгани ҳақидаги видеолавҳа кенг муҳокамага сабаб бўлди. Лавҳада Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари кечки навбатчиликдан сўнг мажбурий ҳашарга олиб чиқилгани айтилган.

Қонунчилигимизга кўра, бевосита мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар қандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ҳодимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб қилиш кабилар ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари, деб баҳоланади. Бу эса маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига мажбурий меҳнатга чек қўйиш, мажбурий меҳнатга жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрсиш белгиланган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини кескин қоралайди ва ушбу масалада вилоят ҳокимлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришини ва расмий муносабатини кутади.

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

← Рўйхатга қайтиш