Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят ва Хатирчи туман кенгашлари ташаббуси билан «Сангижумон» маҳалла фуқаролар йиғинида «Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини ошириш ойлиги» лойиҳаси доирасида тиббий кўрик ташкил этилди. Кўрикка лор, педиатр, жарроҳ, гинеколог, лаборатория ва бошқа шифокорлар жалб этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал оилалардаги аёллар, болалар ва пенсионерларни бепул тиббий кўрикдан ўтказишди.
– Қишлоғимиз туман марказидан 36 километр узоқликда жойлашган, – дейди 76 ёшли онахон Ҳожар Тўраева. – Касал бўлиб қолсак шифокорга бориб кўринишимиз учун анча вақт талаб этади. Биз қишлоқ аҳлини ўйлаб, тиббий кўрик ташкил қилганларга ташаккур. Умрларидан барака топишсин. Бундай тинч замонда умргузаронлик қилиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Телевизор орқали кўриб турибмиз, баъзи мамлакатларда кундан кун нотинчлик ва қуролли тўқнашувлар содир бўляпти.
Тиббик кўрикка 300 нафардан ортиқ хотин-қизлар ва болалар жалб этилди. Шифокорлар хулосасига кўра, 30 нафар хотин-қизларда касаллик аниқланди. Шундан 8 нафарига туман, 1 нафарига вилоят соғлиқни сақлаш бирлашмасига йўлланма берилди.
Лойиҳа доирасида «Аёллар соғлиги – келажак бойлиги» мавзусида амалий семинар ташкил этилди. Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Назира Тоғаева, ЎзХДП вилоят Кенгаши раис ўринбосари Жамшид Файзуллаев, Хатирчи туман Кенгаши раиси Аҳмад Исломов ва шифокорлар томонидан ногиронлиги бўлган, ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда туғиш ёшидаги аёлларнинг даволанишлари учун қонунчиликдаги маълумотлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдиришди. Шунингдек, давра суҳбатида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгиланган имтиёзлар, шахсий гигиена қоидалари ҳамда соғлом турмуш тарзи, спорт билан шуғулланишнинг соғлиққа фойдалари тўғрисида маълумот, маслаҳат ва тавсиялар беришди. Мутахассис шифокорлар туғиш ёшидаги аёлларга кўп учрайдиган касалликлар, уларнинг олдини олиш бўйича нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тўхталишди.
– Соғлом турмуш тарзининг қарор топиши жуда муҳимдир, – дейди шифокор Нафиса Ҳайдарова. – Жумладан, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади. Замонавий технология ривожланган даврда истиқомат қиляпмиз. Турмуш тарзимиз тубдан ўзгарди. Одамларнинг ҳаракатланиши ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиши камайди. Таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори юқори бўлган таомлар кўп истеъмол қилиняпти. Бундан ташқари, аҳолининг айниқса, ёшларнинг овқатланиш одатлари ўзгарди. Сабзавот ва меваларни етарли истеъмол қилмаслик, тузни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўпайгани салбий оқибатларга олиб келяпти.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «Сангижумон» МФЙда 2034 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1021 нафари хотин-қиз бўлиб, улардан 28 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган.
Семинар сўнггида спорт мусобақаларида фаол қатнашиб келаётган 40-умумтаълим мактабининг ўқувчи қизлари, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида давлат дастурида белгиланган вазифаларни жойларда тарғиб қилишда фаол иштирок этаётган хотин-қизлар вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан тақдирланди.
Хуршида Нарзиева,
Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят сектор мудири