Бунда улкан бағрикенглик мужассам
Бунда улкан бағрикенглик мужассам

         Меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат халқимизга хос фазилатдир. Президентимизнинг бугунги кунда дунё жамоатчилигининг диққат-эътиборида турган халқпарвар сиёсати туфайли, ҳар томонлама янгиланиб бораётган Ўзбекистонимизда бу инсоний фазилатлар янгича маъно-мазмун касб этиш билан бирга, фуқароларимизнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

         Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилги Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида қабул қилган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони замирида бағрикенглик, инсонпарварлик мужассам бўлган ўлмас қадриятларимизнинг ёрқин ифодаси мужассамдир.

         Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани учун афв этилган 258 нафар фуқаронинг 15 нафари Сурхондарё вилоятидан. Уларнинг 1 нафари асосий жазодан, 7 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди қолган 7 нафарига тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

         Албатта, покланиш ва кечиримлилик ойи бўлган Рамазон ҳайити арафасида озод этилган шахслар билан уларнинг оила аъзоларининг бағри тўлиб, қувончига-қувонч қўшилди. Шунинг билан бирга, мазкур Фармон афв этилган юртдошларимизга жамиятда ўз ўрнини топишлари учун катта имконият ҳам берди.

         Ҳозирда Сурхондарё вилоятида ҳам афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини тиклаш, ишга жойлаштириш ва шу каби ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Мавжуда Ҳасанова,

Ўзбекистон Республикаси

  Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

← Рўйхатга қайтиш