ЎзХДП депутатлари қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ қабул қилиш зарурлигини таъкидлашди

2021 йил 17 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши  бўлиб ўтди.

Депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокамадан ўтказишди. «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)»ги қонун лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Сабаби – Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида айнан шу масалада таклиф билдирилган. Депутатлар ва партия фаоллари тарғибот-тушунтириш жараёнларини фаол олиб боришмоқда.

Конвенция йигирма биринчи асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартнома; халқаро қонун тарихида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги энг тез келишилган шартнома ва интернет орқали олиб бориладиган кенг миқёсдаги консултациялардан келиб чиққан биринчи шартнома ҳисобланади. БМТ Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Конвенцияси ўзининг имзолаш учун очилган кунидан бошлаб ҳар қандай бошқа инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциялардан ҳам кўпроқ имзоларни қабул қилди. Конвенция янги инсон ҳуқуқларини ўрнатмасада, давлатларга ногиронлиги бор одамларга нисбатан, ўта аниқлик билан, уларни ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва қўллаш мажбуриятларини кўрсатиб беради.

Конвенцияда ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Конвенциясига 2009 йилда имзо чеккан. Аммо уни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган ратификация масаласи чўзилиб кетди. Ўзбекистон ХДП ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига доимий эътибор қаратиб келади. Депутатлар Конвенция ратификацияси билан боғлиқ қонун лойиҳасини имкон қадар қисқа муддатларда қабул қилиш зарурлигини таъкидлашди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари ЎзХДП электорат манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш