Рамазон – яхшилик, саховат, меҳр-оқибат ойи. Бутун юртимиз бўйлаб ушбу муборак ойнинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ташкилий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Данғара туман Кенгашидан туман Кенгаши депутатлигига сайланган депутат Дилрабо Мирфаёзова Рамазон ҳайити муносабати билан Кичик Оқтепа қишлоғида яшовчи, I гуруҳ ногирони Робинсо Маматқулова хонадонига йўқлаб борди. Онахоннинг ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор, бироқ сотиб олишга имкони йўқ эди. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан ҳомий бу вазифани зиммасига олганди. Байрам арафасида Робинисо аяга ушбу ногиронлик аравачаси топширилди.
Шундан сўнг Дилрабо Мирфаёзова сайловчилари яшайдиган Кичик Оқтепа қишлоғидаги хонадонларга маҳалла вакиллари, профилактика инспектори билан бирма-бир кириб, уй эгалари билан суҳбатлар ўтказди. Уларнинг муаммоларини, яшаш шароитларини ўрганди. Аҳоли томонидан билдирилган айрим таклифлар бўйича тегишли чоралар белгиланиши маълум қилинди.
ЎзХДП Данғара туман кенгаши