Музработлик депутатдан аҳоли мамнун
Музработлик депутатдан аҳоли мамнун

 

Яқинда хизмат сафари билан Музработга борсам, “Янгиер” маҳалласи идораси ёнида одам гавжум. Бу ерга тўпланган аҳолининг шунчалик қизғин суҳбатлашиб турганини кўриб, машинадан тушдим. Кўпчиликнинг қандай муносабат билан тўпланиб турганига қизиқдим.

– “Янгиер” маҳалласида яшаётган фуқаролар билан халқ депутатлари Музработ туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Турсунқул Тангиров сайёр қабул ўтказаяпти, - деди фуқаро Баҳодир Самадов. – Депутат яқинда менга соғлиғимни тиклашим учун ордер олишда кўмаклашди. Мен бу кишининг сайёр қабул ўтказаётганини эшитиб, миннатдорчилик билдириш мақсадида келдим.

Аввалига ўзимни таништирмайгина, четдан туриб, депутат Турсунқул Хўжақуловичнинг одамларнинг муаммоларини самимият билан тинглаётгани ва уларга амалий ёрдам бераётганини кузатдим.

Депутат сайёр қабул давомида 40 дан ортиқ фуқаронинг мурожатини эшитиб, ҳамкор ташкилотлар билан бирга 15 та муаммони жойида ҳал қилгани қизиқишимни янада оширди. Хусусан, “Янгиер” маҳалласида истиқомат қилаётган 6 нафар фуқаролар Ўрол Жўраев, Олланазар Жумаев, Бекназар Бойназаров, Абдусалом Бобонов, Аҳмад Хўжанов ҳамда Зубайда Алияровалар моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўз жойида ҳал этилди.

Турсунқул Тангировнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида депутатнинг ўзи сайланган округ аҳолиси билан учрашиш давомида йўл-йўлакай суҳбатлашишга чоғландим. Қарангки, депутат машинада эмас, пиёда юриб, хонадонма хонадон аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиш давомида амалга оширган ишларини ҳам сўзлаб берди.

Тумандаги 210 ўринга мўлжалланган ҳозирда ушбу масканда 254 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган мактаб ёнидан ўтаётганимизда ўқувчилар депутатни кўришлари биланоқ югуриб келишди. Кейин билсам, янгитдан барпо этилган 47-мактабнинг дастурга тушиши ва қурилишида Турсунқул Тангиров бош-қош бўлган экан.

- Депутатлик сўрови орқали биз истиқомат қилаётган ҳудудда ҳам трансформатор таъмирланиб, 97 та хонадонда электр энергияси муаммоси ҳал бўлди, - дейди фуқаро Бобир Усмонов. – Бундан ташқари, депутатга иш сўраб мурожаат қилганимда, ишга жойлашишимда кўмаклашди. Кўплаб ташкилотларга бу масалада мурожаат қилганимда бирор натижа бўлмаган эди...

Йўл-йўлакай депутатга ёшлар билан боғлиқ қандай масалаларда депутатлик сўровлари юборгани билан ҳам қизиқдик. Натижада “Yoshlar kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 4 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишда кўмаклашгани ҳам аён бўлди. Бу кўчада Турсунқул Тангиров ёрдам қўлини чўзмаган фуқаро бўлмаса керак, - дейди Жонибек Набиев. – Кредит олишимда депутатнинг ёрдами катта. Ҳозир ўз бизнесимни йўлга қўйганман. Депутат Шавкат Эргашевга ҳам ва бундан ташқари, депутат яна икки нафар фуқарога кредит олишда амалий ёрдам кўрсатган. Тумандаги 37 та маҳаллалардаги қишлоқ оилавий поликлиникаларининг моддий-техник базасини ўрганиб чиқиб, депутатлик сўрови билан туман тиббиёт бирлашмаси кўмагида барча қишлоқ оилавий поликлиникалари моддий-техник база билан таъминланишида ҳам Турсунқул Тангировнинг ёрдами катта бўлган. Туман тиббиёт бирлашмаси ҳам сессия кун тартибига киритилиб, ҳозирги кунда замонавий типда қайта таъмирлангани аҳоли учун катта янгилик бўлгани турган гап. Тумандаги ички йўллар ҳам депутат назаридан четда қолмаган.

Сайёр қабуллардан бирида 20 га яқин фуқародан ички йўлларни таъмирлашда мурожаат тушганди, – дейди Турсунқул Тангиров. – Шундан сўнг, депутатлик сўрови орқали тегишли ташкилотларга мурожаатимиз жавобсиз қолмади. Натижада 12 километр йўлга шағал ётқизилди. 138 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди. Бу каби амалий ишларнинг орқасида нафақат депутатлик сўрови, балки одамларнинг менга бўлган ишончи ва кўмаги ётибди.

Депутат билан уйма-уй юриб “Янгиер” маҳалласи аҳли Турсунқул Тангировдан мамнунлигини, улар Халқ демократик партияси томонидан олиб борилаётган амалий ишлардан рози эканлигини пайқадим. Кун кечайиб қолди ҳамки депутат ҳеч тўхтай демайди. У кишининг келгуси режалари билан ҳам қизиқдим. Яқинда вилоят халқ таълим бошқармасига туманда учта янги мактаб барпо этишга эҳтиёж борлигини билдириб таклиф билан чиқаётганини айтди. Тумандаги “Шаффоф” маҳалласи ҳудудидаги намунавий типдаги турар жойлар аҳолиси учун 210 ўринли мактаб, “Обод турмуш” маҳалласи Тиллакамар гузарида 180 ўринли мактаб ва “Гулистон” маҳалласи Денов гузарида истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари учун 210 ўринли мактаб барпо этиш керак, дейди депутат. Ушбу ҳудудлардаги фуқароларнинг фарзандлари 6-7 километр узоқдан қўшни мактабларга қатнаб ўқишини инобатга олган ҳолда, мутадсаддилар амалий ёрдам беришидан умидвор депутатимиз билан манзилга етганда хайрлаша туриб, уларга ҳавасим ортди.

Кичик бир одамни катта бир туман аҳли ёруғ юз билан кутиб оларкан ва хуш кайфият билан кузатар экан. Буларнинг барчасини фақат меҳнат ва халқнинг дардини ўзиники билиб жонкуярлик билан фаолият олиб бораётганидан деб билдим.

 

Адолат МЎМИНОВА,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Матбуот котиби.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш