Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи иш режасига туманида сув билан боғлиқ аҳволни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ижобий ҳал қилиш масаласи киритилган эди. Шундан келиб чиқиб, туман Кенгашидаги партиямиз депутатлари туман “Сувоқова” ДУКка тумандаги ичимлик суви ҳамда канализация билан таъминланиш масаласида 18 та саволдан иборат саволномани тақдим этди.
Депутатларнинг қайд этишича, туман аҳолисининг тоза ичимлик суви ва канализация билан таъминланиш даражаси реал кўз билан ўрганилганда қониқарли эмас. Аччиқ бўлсада айтиш жоизки, канализация тармоқлари умуман талабга жавоб бермайди. Туманда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 64,7 фоизни ташкил этади. Бунга 2019 йилда “Истиқлол”, “Сурхон соҳили”, “Меҳнат роҳат”, “Дўстлик”, “Наврўз”, “Улуғбек”, “Қўлдовли”, “Нурли диёр” ҳамда “Пахта завод” маҳаллалари тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги ҳамда жорий йилда “Гулистон” ва “Қорақурсоқ” маҳаллаларидаги ичимлик суви иншоотлари реконструксия қилиниб, аҳоли ичимлик суви билан таминланиши ҳисобига эришилган. Режага киритилган Маҳтумқули ҳамда Н.Боймуратов кўчаларида истиқомат қилувчи аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш масаласи маблағ йўқлиги сабабли четда қолиб кетмоқда.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш асосан давлат дастури ва “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан жорий йил давлат дастури асосида “Оби ҳаёт”, “Қорабура” маҳаллаларида 5,4 километр сув қувури тортиш режалаштирилган, “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса “Исмоилтепа”, “Бешбулоқ” ҳамда “Камар” маҳаллаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳужжатлар тақдим этилган.
– Партия депутатлик гуруҳи туманда бу борада юзага келаётган муаммолар устидан назорат-таҳлил ишларини олиб борди ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқди. Яқин кунларда масалани туман кенгаши сессиясига олиб чиқяпмиз. Унда масъул идоралар вакилларига берадиган кўп саволларимиз бор, – дейди депутат Алишер Маматмуратов.
Адолат Мўминова,
ЎзХДП вилоят кенгаши Матбуот котиби.