Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Фарғона вилоятига сафари давомида Тошлоқ туманида яқинда бунёд этилган “Ҳунармандлар маркази” фолияти билан танишди.
Марказ биноси 3 қаватли бўлиб, савдо комплекси ва кўргазмалар зали, гилам тўқиш ҳамда атлас ва адрас матоларини ишлаб чиқариш бўлимларидан иборат. Машҳур ҳунарманд, Ўзбекистон халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланган Иброҳимжон Султонов раҳбарлик қилаётган марказ тўлиқ ишга туширилгач, 300 дан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланади.
Танзила Нарбаева марказ фаолияти билан танишув давомида ишчилар билан дилдан суҳбатлашди. Ишчи-хизматчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев, секторлар раҳбарлари ҳамда ЎзХДП Тошлоқ туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Турсунбой Солиев иштирок этди. Сенат раиси учрашувда марказ фаолиятини ривожлантириш, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни ишга жойлаштириш, ҳунарни ўрганган аёлларни касаначиликка жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шуниси эътиборга моликки, партиямиз аъзоси Иброҳимжон Султонов ташкил этган «Исмоилжон гиламлари» хусусий ишлаб чиқариш корхонасида ҳам маҳаллий кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорлар эътиборини қозонган.
Мунира Исомова,
ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.