Депутат Ўктам Жабборов нега калтакланди?
Депутат Ўктам Жабборов нега калтакланди?

29 апрель куни  “SizdanTelegram” каналига жойланган видеоматериалда Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Кенгашига Халқ демократик партиясидан депутат Ўктам Жабборов бир гуруҳ шахслар томонидан калтаклангани қайд этилган.

Маълум бўлишича, бу воқеа жорий йилнинг 14 апрель куни Бойсун туманида содир бўлган. Ўктам Жабборов ўша куни туманда, эртасига вилоят марказида тиббий ёрдам олган.

Ҳолат юзасидан Бойсун туман ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши очилгани, экспертиза натижалари олингани, тергов жараёнлари давом этаётгани айтилмоқда.

Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан 19 апрель куни эълон қилинган расмий баёнотда келтирилишича, “иккала томон ўртасида жанжал келиб чиқиб, жанжал вақтида ҳар иккала томон бир-бирларига таёқлар билан уриб тан жароҳати етказишган”.

Лекин ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеода депутат бир неча шахс томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси, авваламбор, депутат Ўктам Жабборовга сиҳат-саломатлик тилайди ва унинг шаъни, ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳаракат қилишини билдиради.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан асослантирилган изоҳ сўраймиз. Видеода акс этган ҳолат жиддий ва холис  ўрганилиши ҳамда айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилиши шарт.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз бу масалани алоҳида эътиборга олганини маълум қиламиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши

← Рўйхатга қайтиш