Ташаббуслар тараққиётга, фаровонликка хизмат қилади. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари туфайли юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги қишлоқ, овул, маҳаллаларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиб берилмоқда. Бу ҳақда гап кетанда, Фарғона вилояти Данғара туманидаги Таптиқсарой ва Урганжи қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилаётган бунёдкорликлар ҳақида ҳам илиқ гаплар айтиш мукин.
Бугунги кунда Таптиқсарой, Урганжи МФЙларда яшовчи аҳолидан 17 оила “Темир дафтар”га, 1888 нафар аёл “Аёллар дафтари”га, 146 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларнинг аксариятининг муаммоси “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳал этилади.
Мазкур ҳудудлардаги сайловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари, қишлоқларнинг инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун ҳар бир қишлоқнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, дастурлар ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Данғара туманида “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига жами бўлиб 53,08 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, унинг 8 млрд. 490 млн. сўми Таптиқсарой ва Урганжи МФЙларда бошланган кенг кўламли чора-тадбирларга йўналтирилади.
Айни пайтда ушбу қишлоқларда ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви. электр таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектлари – мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаби, тиббиёт муассасаси, маҳалла гузари, маданият муассасаларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Қўчқоров томонидан назорат қилиб борилмоқда.
“Обод қишлоқ” дастури одамларнинг дунёқарашини ўзгартирди. Қишлоқларимиз обод бўлса, у ердаги инсонларнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади. Ислоҳотлардан мақсад ҳам одамларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, халқни рози қилишдир.
Шохрух ЎКТАМОВ,
ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раис ўринбосари,
Ёшлар парламенти аъзоси.