Статистик маълумотларга кўра пойтахтимизда умумий рўйхатда турувчи 2,5 миллондан ортиқ ва кунлик келиб-кетувчи меҳмонлар билан ҳисоблаганда, миллонлаб аҳоли кундалик эҳтиёж маҳсулотларини асосан деҳқон бозорларидан харид қилади. Ушбу омил маълум маънода пойтахт деҳқон бозорларидаги нархларнинг доимий равишда ўзгариб туришига сабаб бўлади. Бу эса аҳолини, хусусан, кам даромадли оилаларни ўйлантиради.
Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун нарх-наво устидан жамоатчилик ва депутатлар назоратининг ўрнатиш лозим бўлади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши, партиянинг депутатлик гуруҳи ва фахрийлар кенгаши вакилларидан иборат ишчи гуруҳ пойтахтимизнинг “Чорсу”, “Фарҳод”, “Қўйлик”, “Миробод”, “Олой”, “Авиасозлар” каби бозорларида нарх-наволар ҳолати юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишларда бозорларда бир турдаги маҳсулотлар турли нархларда сотилаётгани, энг зарур маҳсулотларга навбатлар ташкил этилишида айрим тушунмовчиликлар юзага келаётгани ҳамда сотувчилар учун ҳамма жойларда ҳам муносиб шарт-шаротлар яратиб берилмагани аниқланди. Ишчи гуруҳ ўз ўрганишлари бўйича тегишли асослантирилган маълумотларни масъул ташкилотларга етказиш ва аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб зарур чоралар кўриш бўйича иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати.