“Аёллар дафтари” хотин-қизлар учун имкониятлар яратмоқда
“Аёллар дафтари” хотин-қизлар учун имкониятлар яратмоқда

 

Аҳолини камбағалликдан чиқариш,  хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий этилгани ижобий натижалар бермоқда. Бу дафтар орқали олис ҳудудларда яшовчи, муаммолар домида қолган кўплаб аёлларнинг мушкуллари ҳал бўлди, уларда ҳаётга, эртаги кунга ишонч уйғонди. Бу борада Жиззах вилоятининг Фориш туманида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бўйича туманда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганиш, аниқланган муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон ХДП депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати Г.Каримова ҳамда мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати билан “Хонбанди” МФЙда яшовчи эҳтиёжманд Бозоргул Соибова “Аёллар дафтари”дан чиқарилди. Унга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун “Агробанк”нинг  туман бўлими томонидан 30 миллион сўм кредит ажратилди.

Бозоргул Соибова кредит ҳисобидан зарур жиҳозларни сотиб олиб, хонадонида 2 та оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этди. 4 та иш ўрни яратиб, маҳалладаги иш билан банд бўлмаган ёшларни иш билан таъминлади. Бугунги кунда тадбиркор ташкил этган “Мубина” ва “Қалдирғоч” деб номланган оилавий мактабгача таълим муассасаларида маҳалланинг 50 нафар жажжи ўғил-қизлари таълим-тарбия олишмоқда.

Бундан ташқари Бозоргул Соибова томорқасида 2 та иссиқхона ҳам ташкил этди. 1 сотихли иссиқхонада лимон кўчатлари ва турли кўкатлар етиштирилаётган бўлса, 3 сотихли иссиқхонада помидор парваришланмоқда. Буларнинг барчаси оилага яхшигина даромад келтирмоқда.

Туманимизда хотин-қизларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар Бозоргул Соибова каби тадбиркор аёлларимизнинг кўпайишига, уларнинг ҳаёти фаровон бўлишига хизмат қилади.

 

Норинисо Ирисова,

ЎзХДП Фориш туман кенгаши раиси.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш