Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилишнинг янги тизими – “маҳаллабай” асосда иш ташкил этилиб, шу орқали одамларнинг дарду ташвишлари тингланиб, уларнинг муаммолари ҳал этилмоқда. Вазирлик ва идоралар, барча соҳалардаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жойларда аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, одамларнинг турмуш тарзи, оилавий шароитини ўрганиб боряпти.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида партия ташкилотлари ва депутатлар иштирокини кучайтириш, аҳоли билан ишлашни “маҳаллабай” тизими асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича 6 та йўналишда 44 та вазифани ўз ичига олган “Йўл харита”си қабул қилинди. Шу асосда партия фаоллари, барча даражадаги депутатлар маҳаллаларга кириб бормоқда, сайловчилар билан очиқ мулоқотлар кўпаймоқда, одамлар билан янада қизғин, янада жўшқин ва самимий суҳбатлар ўтказилаяпти.
2021 йил 9 апрель куни ХДПнинг парламентдаги партия фракцияси аъзолари “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига борди. Ўтказилган учрашувларда оилалар фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, вақтинча ишсизлар, хусусан, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, одамларни боқимандалик кайфияти ҳамда камбағалликдан чиқаришда кўмак бериш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилди. “Маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш, уйма-уй юриб, одамларнинг муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиб, уларга ечим топиш, шунингдек, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятларнинг жойларда қай даражада бажарилаётганлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Депутатлар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг хонадонларига боришди. Уларга ўз ишини йўлга қўйиши учун тикув машинаси, шунингдек, Тўрақўрғон тумани Шовон МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногирони Назокат Сулаймановага ногиронлик аравачаси топширилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ҳудуддаги хотин-қизлар билан очиқ мулоқот, бўш иш ўринлари ярмаркаси, бепул тиббий кўрик акцияси ташкил этилди. Депутатлар шифокорлар билан мулоқотда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимда учраётган муаммолар, Давлат дастурида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёллар 7 турдаги витаминлар билан тўлиқ таъминланиши бўйича фикр алмашилди. Мулоқот давомида аниқланган масалалар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиясига олиб чиқиш бўйича келишиб олинди.
Аҳоли вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда парламентдаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳамда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъуллари давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижтимоий аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Хотин-қизлар масалаларига оид қабул қилинган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, уларга иш бошлаши учун берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтирилди.
Мулоқот қизиқарли, самарали руҳда ўтди. Таклифлар кўпайди, савол-жавоблар, кескин фикрлар, ўткир муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинди. Депутатлар ва партия фаоллари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, вақтинча ишсиз бўлган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилди.
Бўш иш ўринлари ярмаркасида 12 нафар хотин-қизга мутахассислигига кўра, ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 7 нафар касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган аёлларга банклардан имтиёзли кредит олиш бўйича сертификатлар топширилди.
Шунингдек, Халқ демократик партиясининг депутатлари ва фаоллари ҳудуддаги “Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази”га бориб, марказда яратилган шароитлар билан танишдилар. Касб-ҳунар сирларини ўрганаётган аёллар билан суҳбатлашилди, уларнинг режа, мақсадлари билан ўртоқлашилди. Албатта, ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди. Шу сабабли бундай одамлар билан тизимли иш олиб бориб, касбга қайта тайёрлаш орқали уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эгалиги депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Тадбирлар доирасида аниқланган муаммолар чуқур таҳлил этилади, умумлаштирилади ва таклифлар тайёрланади. Аниқланган муаммолар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига кўриб чиқиш учун тақдим этилади ва ушбу масалалар депутатлик гуруҳи, доимий комиссия ҳамда сессия кун тартибига киритилади, хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар тегишли соҳа мутахассисларига ҳал этиш учун юборилади.
Халқ билан юзма-юз бундай мулоқотлар барча ҳудудларда ўтказилади.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати