Мусобақа мезбонлари ғолиб бўлди
Мусобақа мезбонлари ғолиб бўлди

 

Кейинги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Аҳолининг барча қатламларини, айниқса, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратилиб, турли мусобақалар ташкил этилмоқда. Шундай мусобақалардан бир Қашқадарё вилояти Шўрчи туманидаги “Ҳурлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди.

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлари Даврон Мустафаев, Жамшид Бегматов, туман Ёшлар иттифоқи кенгаши ҳамда “Ҳурлик” маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан ташкил этилган “Спорт – соғлиқ гарови” шиори остидаги волейбол мусобақасида вилоятнинг барча туманларидаги уюшмаган ёшлардан иборат жамоалар иштирок этди.

Қизиқарли ва муросасиз ўтган баҳсларда мезбонларнинг қўли баланд келди. Шўрчи туманининг 2 та жамоаси совринли ўринларни эгаллаб, ҳомийларнинг совғалари билан тақдирланди.

Мусобақа уюшмаган ёшларни спортга жалб этиш, уларнинг вақтини мазмунли ўтказишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Шу боисдан, иштирокчи жамоалар бундан мамнун бўлиб, мусобақа ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар.

← Рўйхатга қайтиш