Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров жорий йилнинг 25–31 март кунлари Наманган вилояти Косонсой туманида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.
Дастлаб, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Косонсой туман бўлими билан ҳамкорликда фуқароларнинг сайёр қабули ташкил этилди. Сайёр қабулда фуқаролардан 11 та мурожаат келиб тушди. Кўтарилган муаммоларни маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Натижада, банк-кредит ва тадбиркорлик масалалари юзасидан тушган 9 та мурожаат жойида ҳал этилди. 2 та мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, учрашувлар давомида аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар асосида тумандаги “Янгийўл” МФЙда жойлашган 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди. 140 ўринга мўлжалланган, бироқ муассасада 200 нафар бола таълим олмоқда. “Янгийўл”, “Янги шаҳар” маҳаллаларидаги 3-7 ёшли болалар сони 988 нафарни ташкил этади ва боғчага навбат юқори эканлиги боис, қўшимча ўринларга эҳтиёж катта. Боғча майдонида қўшимча бино қуриш учун бўш ер мавжуд. Ушбуларга кўра, тегишли идоралар ҳамда мактабгача таълим ташкилотига муаммо кўриб чиқилишини сўраб депутат сўрови жўнатиш режалаштирилди.
“Тергачи” МФЙда жойлашган 28-сонли умумий ўрта таълим мактаби тумандаги етакчи мактаблардан бири ҳисобланади. Ташриф давомида мазкур таълим даргоҳида ёшларнинг таълим тарбияси, касбга йўналтирилиши борасида яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Педагогик жамоа билан бўлган суҳбатда мактабда шахмат клубини ташкил этишга, фаоллар зали қуришга, маданий тадбирлар учун овоз кучайтиргичга эҳтиёж сезилаётгани хусусида таклифлар билдирилди ва ушбу масалаларни тизимли ҳал этиш бўйича келишиб олинди.
Депутат, шунингдек «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури асосида таъмирлаш-қурилиш ишлари бошланган 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Мактаб жамоаси ва маҳалла аҳли томонидан бир неча ой олдин келиб тушган мурожаатлар асосида тегишли вазирлик ва ташкилотларга депутат томонидан таклифлар киритилган эди. Бугун ушбу мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани қувонарли ҳол, албатта.
Шунингдек, тумандаги 10-сонли МТМ ходимлари ҳамда аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатларга асосан мазкур муассаса фаолияти ўрганилди. Муассасада имконияти чекланган болалар учун қўшимча гуруҳлар очиш мақсадга мувофиқлиги аниқланиб, тегишли идора ва ташкилотларга таклифлар юбориш чоралари бошланди.
Аҳоли билан ўтказилган учрашувлар ҳамда ўрганишлар давомида транспорт ва йўл қурилиши соҳасига доир 10 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлардан келиб чиқиб ички ва ташқи йўлларни таъмирлаш, шағал тўшаш, асфальтлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш ва муҳокама қилиш мақсадида туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари билан суҳбат ташкил этилди. Мулоқотда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан депутат томонидан таклифлар берилди ҳамда туманда асфальтлаш-шағаллаш бўйича манзилли режага киритилган маҳаллалардаги ички ва ташқи йўллар масаласи муҳокама этилди. Мурожаатларни тизимли ҳал этиш механизмлари ишлаб чиқилди.
"Нуробод" МФЙда ўтказилган учрашувда ҳам сайловчилар томонидан бир қатор масалалар кўтарилди. Маҳаллада яшовчи 5200 нафар аҳолининг 70 фоизи насосда тортилган ичимлик сувини истеъмол қилади. Насос яроқсиз аҳволга келиб қолгани туфайли ичимлик суви таъминотида муаммо вужудга келган. Депутат ушбу насосни таъмирлаш режалаштирилгани ва тез орада муаммо ижобий ҳал этилиши учун амалий чоралар кўрилиши назоратга олинганини маълум қилди.