“Ёшлар дафтари”: Мирзачўлда натижа қандай?
“Ёшлар дафтари”: Мирзачўлда натижа қандай?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова Жиззах вилояти Мирзачўл туманида бўлиб, ҳудудда ислоҳотлар жараёнининг бориши, аҳоли, хусусан, ёшларни ўйлантираётган муаммолар ва “Ёшлар дафтари” йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, ёшларнинг давр талаблари асосида илм олишга иштиёқи жуда катта. Ушбу талаб инобатга олган ҳолда туманда ташкил этилган IT марказ ахборот технологиялари борасидаги билимларни ўзлаштиришда ёшлар жуда қўл келмоқда.

– Бугун ахборот технологиялари имкониятлари барча соҳаларни 70-80% қамраб олган, – дейди Ахборот технологиялари менежери раҳбари Ҳасанхон Мирзахўжаев. – Бу рақамлар эса йил сайин ортиб бормоқда. Демак, соҳа мутахассисларига талаб, эҳтиёж ортиб бораверади. Шу боисдан ёшларимизда ахборот технологияларини эгаллашга бўлган иштиёқни янада кучайтиришимиз талаб этилади.

Мавзу ҳақида фикр юритар эканмиз, бир савол туғилади: Хўш, ёшларнинг муаммолари қандай ҳал этилаяпти? “Ёшлар дафтари” ўз натижасини бераяптими?

Депутат Зулайҳо Акрамова ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Мирзачўл тумани бўлими мутахассиси Қаюм Хўрозов билан бўлиб ўтган суҳбатда шу нарса аниқ бўлдики, бугунги кунда Мирзачўл туманидаги 12 та маҳаллада жами 7570 нафар ёшлар истиқомат қилади. Уларнинг 4219 нафарини хотин-қизлар, 3351 нафарини эркаклар ташкил этади. Улардан 972 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Аксарияти ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган. Мурожаатлари асосан кредит, ер ажратиб бериш хусусида. Муаммолар мумкин қадар ижобий ҳал этилмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар ёшлардан 361 нафарига ер майдонлари, 24 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун кредитлар ажратилди, 183 нафари касбга ўқитилиб сертификатга эга бўлди, 132 нафари эса иш билан таъминланди. Туманда апрел ойининг якунига қадар “Ёшлар дафтарида” рўйхатда турган қолган ёшларнинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, “Ёшлар дафтари”ни ёпиш режалаштирилган.

Ёшлар олдида турган юқоридаги каби муаммоларнинг ҳал этилишида, албатта, депутатларнинг алоҳида хизмати бор. Партиямиз депутатлари эса аҳоли, электорат манфаатларини ҳимоя қилишни асосий бурчлари деб билган ҳолда, бу борада янада фаол бўлишга интилмоқдалар.

 

Маърифат МАВЛАНОВА

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш