Депутат сўрови асосида Деновдаги маҳаллага 7,2 км. ичимлик суви тортилмоқда
Депутат сўрови асосида Деновдаги маҳаллага 7,2 км. ичимлик суви тортилмоқда

 

Парламент депутатлари доимий тарзда ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, қабул қилинган қонунлар, меъёрий ҳужжатлар тарғиботи, Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишларда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сайлов округидаги бу галги фаолиятимиз ҳам сермазмун бўлди, дейиш учун асослар етарли.

 

«Обод маҳалла»даги ободликлар

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида Денов туманидаги «Юрчи» маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди. Маҳалла аҳолиси ҳудудлари обод бўлаётганидан хурсанд бўлиб, ўзлари ҳам ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишмоқда.

Шунингдек, ушбу маҳалладаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти билан танишилди. Муассаса таъмирга муҳтож ҳолга келиб қолган бўлиб, инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланиши зарур.

 

«Халқпарвар» комиссияси тузилди

Халқ депутатлари Денов туман Кенгашининг 35-сесссияси бўлиб ўтди. Унда мен ҳам иштирок этдим. Кун тартибида учта масала муҳокама қилинди ва масъулларнинг ҳисоботи тингланди.

Дастлаб «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммолари юзасидан қилинган ишлар, сўнг «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалга оширилган ишлар депутатларнинг муҳокамасига қўйилди.

Сессия ишида сўз олиб, фуқароларнинг туман даражасидаги муаммолари ҳам республика идораларига йўлланаётгани, айниқса, хотин-қизларнинг муаммолари билан тизимли равишда иш олиб бориш зарурлигини, бу борада масъулият билан ёндошиш кераклигини билдирдим.

Кейинги муҳим масалалардан бири халқ депутатлари Денов туман Кенгаши ҳузурида «Халқпарвар» комиссиясининг таркиби ва Низоми тасдиқланди.

Мазкур комиссиянинг асосий вазифаси уй-жойлар қуриш учун ер ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, уй-жойга муҳтож фуқаролар рўйхатини шакллантириш кабилар ҳисобланади.

 

 

Мурувват интернат уйи

Денов туманида Мурувват интернат уйи фаолият олиб боради. Муассасадаги ҳолат билан яқиндан танишилди. Айтиш керакки, муассаса маъмурияти томонидан ободончилик ишлари, санитария ва тартиб-интизом юқори даражада йўлга қўйилган.

Мурувват уйидаги баъзи муаммолар ишчи тартибда ҳал этиладиган бўлди.

 

2-сон Болалар бўлимидаги ҳолат ўрганилди

«Янгиариқ» маҳалласида жойлашган Денов тумани тиббиёт бирлашмаси 2-сон болалар бўлими фаолияти билан танишилди.

Муассасадаги шифокор ва тиббиёт ходимларининг фаолияти нафақат туман миқёсида, ҳатто вилоят бўйича ҳам эътиборга молик.

Фикримизни фарзандларини касалхонада даволатаётган ота-оналар билан суҳбат ҳам исботлади. Интервью суҳбат қилинган барча фуқаролар ушбу тиббиёт ходимларининг фаолиятидан мамнун эканликларини айтишди. Уларга миннатдорчилик ҳам билдиришди.

Аммо мазкур тиббиёт муассасаси биноси 1982 йилда қурилган, шундан буён таъмирланмаган. Мазкур масала бўйича масъулларга депутат сўрови юборишни режалаштирдим.

 

 

Мурожаат ва ечим

Сайловчилар билан мулоқот давомида мурожаатлар ечими бўйича ахборот ҳам берилди. Аввалги учрашувларда «Буюк ипак йўли» маҳалласидаги аҳоли томонидан ички йўлларга тош ётқизиш, футбол мактабини замонавий тарзда бунёд этиш учун туман марказидан ер ажратиш, «Лағмон ота» маҳалласи болалари учун хусусий боғча қуриш учун тадбиркорга ер ажратиш, «Дунётепа» маҳалласида яшовчи, ёлғиз она А.Шерқобилова ва «Янги ҳаёт» маҳалласидаги Н.Турдиеванинг уй-жой масаласида, «Юрчи»маҳалласи фуқароси М.Раҳматуллаеванинг «Аёллар дафтари»га киритишни сўраган мурожаатлари туман ҳокими иштирокида кўриб чиқилиб, ижобий ечим топди.

«Ўртабўз» қишлоғи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласидаги депутат сўрови натижасида 7,2 км. янги ичимлик суви тармоғини қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Натижада «Буюк ипак йўли» маҳалласи аҳли марказлашган ичимлик суви билан 96 фоизга таъминланади.

Умуман, сайлов округимда қонун ҳужжатлари тарғиботи, назорат-таҳлил ва учрашувлар самарали кечди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш