Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан вилоят Кенгашига сайланган депутатлар Фарғона вилояти Данғара туманидаги Увайсий МФЙ ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларнинг оилаларида бўлиб уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Уларга юртимизда шукуҳи давом этаётган Наврўз байрами совғалари топширилди. Ушбу маҳаллада яшовчи Элмира Фасхутдинова ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмайдиган юртда яшаётганидан фахрланиб яшашини билдирди.
– Наврўз байрами муносабати билан ҳовлимизни таъмирлаб беришди. Барча меҳр-оқибатли юртдошларимиздан миннатдорман. Юртдошларимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва ишларида қут-барака тилайман, – деди Элмира опа саховатпеша инсонларнинг кўмагидан мамнун бўлиб.
Маҳалладаги Увайсий кўчасида қўни-қўшнилари билан аҳл-иноқ яшаб, умргузаронлик қилиб келаётган Лилия Эркинова кўп йиллар давомида ўқитувчилик қилиб, ёшларга таълим-тарбия бериб келган. Кекса педагог ўзига ва оиласига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан чексиз хурсанд эканини маълум қилди. “Ўзбекистонда униб-ўсганим ва шу ерда яшаётганим омадим. Истараси иссиқ одамлар орасида яшаш қандай ажойиб эканини қалбан ҳис этаман. Уйимизга меҳмон келса яйраб кетаман. Барча юртдошларимизни Наврўз билан табриклайман”, – деди уй соҳибаси партия фаоллари билан суҳбатда.
Бир сўз билан айтганда, Фарғона вилоятида ҳам “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштирилаётган хайр-саховат тадбирлари давом эттирилмоқда ва ушбу тадбирлар ташкил этилишига партиямиз фаоллари муносиб ҳисса қўшмоқдалар.