Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида туманда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берилди.
Туман ҳокими Б.Худойбергановнинг маълум қилишича, 30 ёшдан юқори бўлган, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бўлган 1323 нафар ижтимоий аҳволи оғир даражадаги шўрчилик аёл 9 тоифага ажратилган ҳолда “Аёллар дафтари”га киритилган. Бугунги кунгача улардан 49 нафари ишга жойлаштирилган, 115 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Дафтарларга киритилган аёллар ва ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
— Ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларини таъминлашга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янада жадаллаштириш орқали кўзлаган мақсадимизга, ислоҳотлар самарадорлигини оширишга эришамиз, — дейди Ўзбекистон ХДП Шўрчи туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Б.Ражапов. — Бу борада “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижадорлигини кўрсатувчи ўзига хос кўзгу вазифасини ўтайди.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Айрим масалалар юзасидан йиғилиш қатнашчилари таклиф, мулоҳазаларини билдиришди.