Улуғбек Иноятов Янгиқўрғон туманида “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳаллалар аҳолиси билан учрашди
Улуғбек Иноятов Янгиқўрғон туманида “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳаллалар аҳолиси билан учрашди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари, Спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги чегара ҳудудда жойлашган Мамай ва Олмазор МФЙларда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашди.

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган мазкур маҳаллалар аҳолиси   билан ўтказилган учрашувларда дастур доирасида бажариладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Мамай ва Олмазор маҳаллаларида 14,1 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Биргина Мамай МФЙ ҳудудида жойлашган 32-сонли умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлашга 3 млрд. 18 млн. сўм сарфлаш кўзда тутилган. Шунингдек, 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ эвазига маҳалладаги 17-мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланса, Мамай ҚВПни таъмирлаш учун 500 млн. сўм ажратилиши белгиланган.

Дастурда 900 та хонадондан иборат 4856 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллаларда ичимлик суви, электр, газ таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Мисол учун, Мамай ва Олмазор маҳаллалари ҳудудида 16,8 км. янги ичимлик суви тармоғи барпо этилади, 3 та сув иншооти таъмирланади. Бундан ташқари, кўча чироқлари ўрнатиш, пиёдалар йўлаклари қуриш, алоқа, ирригация тармоқларини таъмирлаш, манзарали кўчатлар экиш ҳам режалаштирилган бўлиб, буларнинг барчаси аҳоли учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Дастур доирасида ушбу маҳаллалардаги 550 та хонадон 2 млрд. 750 млн. сўм маблағ эвазига таъмирлаб берилади. 20 та хонадонга янги уй-жой қуриш учун ҳар бирига 240 млн. сўмдан, жами 4 млрд. 80 млн. сўм миқдорида ипотека кредити ажратилади. Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 1 млрд. сўм маблағ эвазига савдо, ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишга мўлжалланган жами 8 та объект қурилади.

Улуғбек Иноятов дастурга киритилган барча лойиҳалар бекаму кўст бажарилиши, ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши туман Кенгаши депутатларининг доимий назоратида бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Спикер ўринбосари Мамай қишлоғидаги ҚВП фаолияти билан ҳам танишиб, муассаса ходимлари билан суҳбатда бўлди. 15 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилаётган поликлиника жамоаси, қишлоқ аҳолиси билан учрашувда кўтарилган масалаларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати 

 

← Рўйхатга қайтиш