Ҳар бир инсон жамиятда фаолият олиб борар экан, ўз устида доимо ишлаши, илм олиши, изланиши, малакасини ошириб бориши мақсадга мувофиқ. Зеро, бежизга аждодларимиз «бешикдан қабргача илм изла» ҳикматини такрорлаб келишмаган.
Маълумки, ҳудудларда сиёсий партиялар ва ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари учун ўқувлар бўлиб ўтмоқда. Мазкур семинар машғулотлари март, апрел ва май ойлари давомида ўтказилиб, жами 6184 нафар тингловчи 160 ўқув соатдан ўқитилади.
Машғулотлар тажрибали республика ва маҳаллий тренерлар, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, нуфузли олий ўқув юртлари, илмий муассасалар ходимлари томонидан олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш масалалари, сайлов жараёни, сиёсий партия имижини шакллантириш, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар каби мавзулар атрофлича ўрганилмоқда.
Қолаверса, машғулотларда вақтдан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш технологиялари, мулоқот маданияти ва самарадорлиги ҳамда креатив ва танқидий фикрлаш технологиялари ҳақидаги жуда муҳим ва қизиқарли масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сурхондарё вилоятида 460 нафар сиёсий партия ходимлари, депутатлар ва ОАВ вакиллари ўқувга жалб этилиб, 4 нафар республика, 27 нафар маҳаллий тренерлар (5 та олий ўқув юртининг префоссор-ўқитувчилари) Термиз давлат университетида машғулотлар ўтказишмоқда. Мен ҳам ўз фикр-мулоҳазаларим билан ўқув-машғулотларда иштирок этаяпман. Айтишим керакки, ҳаётий ва меҳнат фаолияти бўйича юқори тажрибага эга бўлган тингловчилар ўзининг амалий таклифлари билан фаоллик кўрсатишмоқда.
Ўқув якунида тингловчилар онлайн тарзда тест топширишади ва саволларнинг 55 фоиз ва ундан юқорисига тўғри жавоб берганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан белгиланган намунадаги Сертификат билан тақдирланади.
Ўқувда иштирок этаётганларнинг фикрича, ушбу ўқув курсида ўз вақтида ва айни жараёнда билишимиз, кундалик фаолиятимизда амалда қўллашимиз зарур бўлган жиҳатлар эътиборга олинган.
Албатта, бу каби ўқувларнинг ўтказилиши сиёсий партия ходимлари, депутатлар ва журналистлар фаолиятининг самарали ташкил этилишига эришилади.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.